Янги Тошкент шаҳрини қуриш учун қайси мавзелар танлангани очиқланди
Жамият
−
24 Июль 2023
18897Янги Тошкент шаҳрини қуриш учун Юқори ҳамда Ўрта Чирчиқ туманларидаги қайси мавзелар танлаб олингани очиқланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 июль куни имзоланган “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида маълум қилинди.
Унга кўра, янги шаҳар учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан қарийб 19 730,9 гектар ер майдони танлаб олинган бўлиб, дастлабки босқичда 2 420 гектар ер майдонида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълум бўлишича, Юқори Чирчиқ туманидан Ўзбекистон, Дўстлик, Суранкент, Туркистон, Гулистон, Ийк ота, (Қибрай) Нурмуҳаммедов ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидан Дўстлик, Охунбобоев, Ким Пен Хва мавзелари ва Шоличилик институти ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ерларнинг тоифаси ўзгартирилиб, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш учун ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкент шаҳридаги ер участкалари “E-auksion” орқали сотилиши ҳамда шаҳарни барпо этиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида дирекция ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.