Янги қонун лойиҳаси: банклар 50 миллион сўмгача микроқарз бериши мумкин
Жамият
−
04 Февраль 2020
16182Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 4 февралда бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 июлдаги “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, микромолиялаштиришнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва ҳажмини ошириш бўйича кўрилаётган чораларнинг ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган.
Депутатлар муҳокамадаги қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирди. Уларнинг қайд этишича, мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатда ушбу хизматларнинг сезиларли даражада кенгайишига ёрдам беради.
Бу нима учун керак?
Халқ вакилларининг фикрича, микромолиялаштириш қонунчилигини такомиллаштириш энг яхши хорижий амалиётни таҳлил қилишни тақозо этади. Шу жумладан, масофадан туриб хизмат кўрсатиш имкониятларини жорий этиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш, аҳолида ҳаддан ташқари қарз юки шаклланишининг олдини олиш, аҳолининг молиявий саводхонлигини, молиявий оммабопликни ошириш ва мазкур хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш республикада микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш бўйича ишларнинг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишлари бўлиши лозим.
Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартишлар, депутатлар томонидан қайд этилганидек, аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, тўлов қобилиятини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажмининг ошишига ёрдам беради.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида депутат Расул Кушербоева ўзининг шахсий Telegram саҳифасида қуйидагича пост қолдирди:
“Тегишли қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Унга кўра, микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 300 миллион сўмдан ошмайдиган суммада (амалдаги таҳрирда базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари миқдори) тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағи эканлиги белгиланмоқда.
Микроқарз банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига 50 миллион сўмдан (амалдаги таҳрирда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдори) ошмайдиган пул маблағи, микролизинг эса 600 миллион сўмдан (амалдаги таҳрирда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг баравари) ошмайдиган суммада берилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳукумат томонидан киритилган ушбу қонун лойиҳаси аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, тўлов қобилиятини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажмининг ошишига ёрдам бериши таъкидланган.
Лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун лойиҳаси Сенатга юборилгунга қадар депутатлар томонидан учта ўқишда қабул қилиниши керак”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь