Янги иддао: Пашинян Бакуни Арманистондаги сайловларга таъсир ўтказишда айблади

Олам

image

Озарбайжон Арманистонда ўтказиладиган навбатдан ташқари парламент сайловлари натижаларига таъсир ўтказиш учун икки мамлакат чегарасида кескинликни келтириб чиқармоқда. Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян бугун, 30 май куни ҳукмрон партия аъзолари билан йиғилишда шундай иддао билан чиқди.

Пашинян расмий Баку келишув доирасида ўтказилаётган чегарани белгилаш амалиётларини провокация, деб баҳолаган.

“Озарбайжоннинг [чегарадаги] сўнгги провокацион ҳаракатлари Арманистондаги сайловолди жараёнларига таъсир ўтказишга қаратилган”, дейди у.

Пашиняннинг сўзларига кўра, расмий Баку у аъзо бўлган “Менинг қадамим” партиясининг ғалабасидан манфаатдор эмас.

“Озарбайжон ўзининг провокацион ҳаракатлари билан сайловларда аниқ натижалар қайд этилишига эришмоқчи”, дея тушунтирган у.

Қайд этиш керакки, Пашинянинг сайлов бўйича асоссиз айтаётган айбловларидан аввал Арманистоннинг олти ҳарбийси Озарбайжон чегарасини бузиб кираётганда қўлга олинди.

Пашинян бу ҳолатга муносабат билдириб, арман аскарлари нега чегарани бузиб ўтишга уринганига тўхталмай, уларнинг қўлга олинишини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши, дея талқин қилди.

Бундан аввалроқ эса, расмий Ереван чегарада отишма юз берганини, тўқнашувда бир аскари ҳалок бўлганини айтганди. Баку эса еттита юк машинаси Арманистон Қуролли кучлари шахсий таркиби билан чегаранинг белгиланган қисмига яқинлашишга уринганини, аммо вазият ўқ узишсиз ҳал этилганини билдирган.

Таъкидлаш жоизки, бунгача ҳам Ереван Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларида Бакуни айблаб чиққанди.

Расмий Баку Ереваннинг Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларига муносабатини номуносиб, деб баҳолаган ва Арманистон расмийларини сайлов арафасида вазиятдан ички сиёсий мақсадларида фойдаланмасликка чақирган.

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг ноябрь ойида Арманистонда бошланган сиёсий инқироз фонида ҳукумат ва сиёсий партиялар муддатдан олдин сайловларни жорий йилнинг 20 июнда ўтказишга келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made