Янги иддао: АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база қуриш ҳаракатидалиги айтилмоқда
Олам
−
20 Май 2021
27972АҚШ армияси қуруқликдаги қўшин муҳандислар корпуси Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги 20 та давлатда ҳарбий объектлар қуриш лойиҳаси учун потенциал пудратчилар имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Russia Today” нашри ёзмоқда.
“АҚШ Мудофаа вазирлиги Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 20 мамлакатида, жумладан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда янги иншоотлар қурмоқчи”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ ушбу давлатларда ҳарбий объектлар билан бир қаторда аэропортлар ва тегишли инфратузилма: автомобиль йўллари, портлар, шифохоналар, ишлаб чиқариш корхоналари, электр станциялар, сув таъминоти тармоқлари ва бошқаларни ҳам қурмоқчи.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа барча турдаги самолётлар учун учиш-қўниш йўлаклари ва перронлар қуришни ўз ичига олади.
“Техник топшириқлар қаторига ҳарбий сотиш ва ҳарбий қурилиш дастурларини лойиҳалаш хизматлари, шу жумладан турли объектлар учун горизонталь ва вертикал иншоотлар киради”, дейилади хабарда.
Рус нашрига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун жами 240 миллион АҚШ доллари ажратилади. Пудратчилар билан шартнома беш йилга имзоланиши кутилмоқда.
Россия оммавий ахборот воситалари бундан аввал ҳам Ўзбекистон ҳудудида гўёки АҚШга тегишли ёки ушбу давлат томонидан молиялаштириладиган ҳарбий объектлар борлиги ҳақида хабарлар тарқатган эди.
Жумладан, “Спутник” нашри Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати Геннадий Онишенконинг сўзларини келтириб, шундай ёзган эди:
“АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштириладиган биологик лабораториялар ҳозирда Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Украина ва Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Россия ушбу марказларда хавфли инфекцияларни ўрганиш ниқоби остида биологик қуроллар ишлаб чиқарилаётганидан хавотирда”.
Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлат мудофаа саноатига қарашли ҳарбий база ва объектларнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Чунки Ўзбекистоннинг 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринаси, мамлакат Конституцияси ва 2012 йилда қабул қилинган мамлакат ташқи сиёсат концепциясида “Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий база ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги” белгиланган.
Шу ўринда, россиялик депутат Геннадий Онишенкодан интервью олиб, Ўзбекистон ҳудудида гўёки хорижий ҳарбий базалар мавжудлиги ҳақида ахборот тарқатган “Спутник” нашрига тўхталсак. Ушбу ахборот агентлиги Россия Федерацияси ҳукуматига тегишли бўлган “Россия сегодня” компаниясига қарайди.
Бундан ташқари, юқорида АҚШнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги 20 та давлатда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳарбий база қуриши ҳақида ҳеч қандай ҳужжатга асосланмасдан хабар тарқатаётган “Russia Today” нашри ҳам Россия Федерацияси ҳукуматига тегишли бўлган юқоридаги компания таркибига киради. Англаш мумкинки, ушбу нашрлар мустақил эмас, ҳукумат томонидан молиялаштирилади. Шу ўринда уларнинг холис ахборот тарқатишига ҳам шубҳа бор.
Ушбу “Россия сегодня” компаниясига эса Дмитрий Киселёв раҳбарлик, Маргарита Симоньян эса бош муҳаррирлик қилади. Бу икки шахс, уларнинг қинғир ишлари ва пул эвазига Россия ҳукуматининг қўғирчоғига айлангани ҳақида бугунги кунда қамоқда ўтирган Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний бир неча ҳужжатли фильм олган.
Ўз даврида АҚШда ҳам, СССРда ҳам ишлаган машҳур журналист Владимир Познер бир неча бор ўзи тренинг ва интервьюларида Россияда журналистика йўқлигини таъкидлаган. Шундай экан Россия нашрларининг юқоридаги хабарларини провакациядан бошқа нарса дейиш мушкул.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь