Янги директор Давлат активларини бошқариш агентлигининг қатор масъулларини ишдан ҳайдади
Жамият
−
30 Декабрь 2020
12915Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов беш нафар ҳудудий бошқарма раҳбарларини ишдан олди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қидинишича, Давлат активларини бошқариш агентлигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда агентлик марказий аппарати, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишда ўзига юклатилган вазифаларни бажармай, фаолиятида ўзи бўларчилик ва сансалорликка йўл қўйган агентликнинг Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларига нолойиқ деб топилиб, вазифаларидан озод этилди.
Бундан ташқари, агентликнинг Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари раҳбарларига ишдаги камчиликлар учун ҳайфсан эълон қилинди.
Агентлик марказий аппаратининг бир нафар бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 6 та департамент бошлиғига ишдаги камчиликлари кўрсатиб ўтилиб, сўнгги маротаба огоҳлантирилди.
Барча раҳбарлар учун бир ой синов муддати белгиланди, ишда ўзгариш қилмаган раҳбар ва ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Акмалхон Ортиқов жорий йилнинг 21 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бунгача у Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган.
LiveБарчаси