“Яна қанча қон тўкилиши керак?” ҲАМАС чақирув билан чиқди

Олам

image

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларидан бири Ғазо секторида қурбонлар сони ортиб бораётгани фонида араб дунёсини қатъий позицияда туришга чақирди. Бу ҳақда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хонийга таяниб, CNN хабар бермоқда.

"Ғазабга минишингиз ва буюк тарихни ҳимоя қилишингиз учун яна қанча ғазолик болалар, аёллар ва кексаларнинг қони тўкилиши керак?", деган у.

ҲАМАС вакили, шунингдек, АҚШнинг Исроилга мойиллиги Ғарб давлатлари ва мусулмон аҳоли ўртасида “девор қурган” ва бу девор ҳеч қачон бузилмаслигини таъкидлаган.

“Фаластинликлар хавфсизлик, эркинлик ва суверенитетдан баҳраманд бўлмагунча Исроил ҳеч қачон хавфсиз бўлмайди”, дея қўшимча қилган Хоний.

Аввалроқ, Ғазо секторидаги шифокорлар Фаластин-Исроил можароси авж олгани сабабли яраланган тинч аҳолини анестезия (оғриқсизлантириш) қилмасдан операция қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил ХАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг