Яна бир бало: Ганада хавфли Марбург вируси аниқланди
Саломатлик
−
18 Июль 2022
12962Африканинг Гана давлатида кучли геморрагик иситмани келтириб чиқарувчи ва ўлимга олиб келувчи Марбург вируси билан касалланган икки бемор аниқланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Гана соғлиқни сақлаш хизмати беморлар яқинда жанубий Ашанти минтақасидаги шифохонада вафот этганини айтган. Жорий ойнинг бошида уларнинг намуналари Эбола вирусига ўхшаш ўта юқумли касаллик учун ижобий натижа берган.
Ҳукумат беморлар билан алоқада бўлган 98 кишини аллақачон қаттиқ карантинга олган.
“Гана соғлиқни сақлаш идоралари эҳтимолий эпидемияга қарши тезкор чораларни кўрмоқда. Бу яхши, чунки зудлик билан қатъий чоралар кўрилмаса, Марбург осонгина назоратдан чиқиб кетиши мумкин”, дейди ЖССТнинг Африка бўйича минтақавий директори Матшидисо Моэти.
Марбургнинг давоси ҳозирча йўқ, бироқ шифокорлар кўп сув ичиш ва ўзига хос симптомларни даволаш беморнинг омон қолиш имкониятини оширишини айтмоқда. Марбург вируси тана суюқликлари – қон, нажас, тер ва тупук орқали юқади. Дастлабки аломатлари бош оғриғи, иситма, мушак оғриғи, қусиш ва қон кетиш ҳисобланади. Вирусга чалинган беморлар аксарият ҳолатларда вафот этади.
ЖССТ маълумотларига кўра, Африкада олдинги эпидемиялар ва спорадик ҳолатлар Ангола, Конго Демократик Республикаси, Кения, Жанубий Африка ва Угандада қайд этилган. Марбург инфекциясининг биринчи эпидемияси 1967 йилда Германияда аниқланган, етти киши ҳалок бўлган. Умуман олганда, ўтмишдаги эпидемияларда ўлим даражаси вирус штамми ва вазиятни бошқаришга қараб 24 фоиздан 88 фоизгача бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 11 июль куни хитойлик эпидемиологлар Ухань университетида бир одам вабо касаллигига чалингани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган эди.
LiveБарчаси