“Яқинда ўзлари қулайди”. Путин Ғарб иқтисодиёти ҳақида
Олам
−
28 Июнь 9826 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Ғарб иқтисодларининг яқин орада қулашини башорат қилди. Бу ҳақда у кеча, 27 июнь куни Минскдаги Евроосиё иқтисодий форумида сўз очди.
“Ғарб давлатларида нима бўляпти? Улар бизни доим дафн этишади. Тез орада ўзлари ўша ерда ўлишади”, деди у.
Путиннинг сўзларига кўра, ўтган йили Россия ялпи ички маҳсулоти 4,3 фоизга ўсган бўлса, Евро ҳудудида у атиги 0,9 фоизга ўсган, Европанинг етакчи иқтисодлари, хусусан, Германияда “ҳамма таназзул ёқасида мувозанатни сақламоқда”.
Шу билан бирга, Россия Президенти жорий йилда Россия иқтисодий ўсиши “анчагина оддийроқ” бўлишини таъкидлади, бу эса “инфляцияга қарши кураш” билан изоҳланади.
“Россия нефти нархини пасайтириш чораларини ўз ичига олган Европа Иттифоқининг янги санкцияларига келсак, улар бу санкцияларни қўллаётганларнинг аҳволини янада оғирлаштиради”, деди Путин.
Айни пайтда Европа Иттифоқи давлатлари Москвага қарши 18-жазо чоралари пакетини қабул қилишга тайёрланмоқда. Айрим европалик сиёсатчилар, хусусан, Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Баррот бўлажак санкцияларни “эҳтимол, 2022 йилдан бери энг кенг қамровли” деб атайди.
“Россия иқтисодиёти Президент Путин уч йилдан бери олиб бораётган мустамлакачилик урушидан тобора кўпроқ азоб чекмоқда, бу уруш Россия ресурсларини қуритмоқда. Бу ресурслар бугун муҳокама қилинаётган янги санкциялар пакети билан янада заифлашади”, деди Баррот.
Бироқ 26 июнь куни бўлиб ўтган сўнгги саммитда Россияга қарши янги санкциялар пакети Венгрия ва Словакия позицияси туфайли қабул қилинмади.
Live
Барчаси