Молия ва мафкура тўқнашган ҳудуд
Таҳлил
−
14:30 1944 7 дақиқа
Яқин Шарқ — бу атама қаърида аниқ жуғрофий мазмундан кўра кўпроқ катта давлатларнинг манфаатлари, дин ва маданиятлар тўқнашуви, ресурслар учун кураш ҳамда стратегик беллашув ётади. Бу ҳудуд чегаралари географлар эмас, сиёсатчилар томонидан белгиланади, хариталари картографлар эмас, амалдорлар қўли билан чизилади. Ғарб манбаларида Арабистон яримороли, Миср, Эрон, Ироқ, Левант ва Туркияни қамраб олувчи ушбу минтақа рус манбаларида Эрон ва Афғонистон, баъзи ҳолларда Покистонни ўз ичига олиб келади. “International Maritime Organization” манбаларида, бу тушунча Баҳрайн, Эрон, Ироқ, Қувайт, Уммон Султонлиги, Қатар, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Бирлашган Араб Амирликларини ифодаловчи термин сифатида келади. Бир сўз билан айтганда, бу ҳудуд аниқ географик чегараларга эга эмас, балки тарихий, сиёсий ва маданий омиллар асосида шаклланган геосиёсий макон ҳисобланади. Кундалик ҳаётда Яқин Шарқ атамасини кўп ва хўп қўллаймиз, аммо унинг ортида ётган геосиёсий ўйинларга эътибор қиляпмизми?
Яқин Шарқнинг “яратилиши”
“Middle East” сўзи инглиз тилидан луғавий таржимага кўра, “Ўрта Шарқ” маъносини англатади, аммо ўзбек тилидаги манбаларда “Ўрта Шарқ” — Жануби-Ғарбий Осиё, Покистон билан Туркия оралиғидаги қисмининг шартли номи сифатида қўлланилади. “Middle East” эса кўп ҳолларда Осиёнинг ғарбий ва жануби-ғарбий ҳамда Африканинг шимоли-шарқий қисмидаги ҳудудларга нисбатан қўлланилади ва бу минтақа ўзбек контингентида “Яқин Шарқ” термини билан аталади.
“Яқин Шарқ” атамаси бугунги кунда глобал сиёсат ва дипломатияда энг кўп ишлатиладиган тушунчалардан бири. Бироқ, у табиий географик ҳудуд эмас, балки Ғарб дунёси томонидан стратегик ва сиёсий мақсадларда яратилган сунъий конструкциядир. Тарихий контекстга қаралганда, бу атама биринчи бор ХIХ–XX асрлар оралиғида пайдо бўлган. 1902 йилда британ-америкалик стратег Альфред Меҳан Форс кўрфази ва Ҳиндистон орасидаги ҳудудни аташ учун “Middle East” деган сўзни ишлатган. Шу билан бирга, Ғарб матбуоти, хусусан The Times, ушбу атамани тез орада кенг аудиторияга ёйган.
.jpg)
Ўша даврда Европа империялари ва кейинчалик Америка Қўшма Штатлари дунё сиёсатидаги устунлик учун ҳудудни қайта тасвирлаш заруратини ҳис қилган. Ҳудуд ичидаги давлатлар, халқлар ва диний гуруҳларнинг тарихий ва маданий фарқлари камайтирилиб, барчасини умумий стратегик минтақа сифатида кўрсатила бошланди. Бу Ғарбга ўзи хоҳлаган геосиёсий тасаввурни дунёда шакллантиришга ёрдам берди.
Шу ўринда савол, Яқин Шарқ деганда кўз олдингизга нималар келмоқда? Терроризм, радикал ислом, нотинч, доимий ички курашлар домидаги ҳудудларми? Аммо, ушбу сунъий минтақанинг барча давлатларида ҳам бир хил аҳволми? Йўқ албатта, қатор араб ўлкалари аҳоли жон бошига даромади бўйича юқори ўринларда туради, Миср ва Саудия Арабистони каби давлатларнинг фаровонлиги ҳам эътирофга лойиқ.
Сиёсий нуқтаи назардан қараганда, Яқин Шарқни сунъий бир бўлак сифатида тасаввур қилиш Ғарб давлатларига ҳудуддаги қарама-қаршиликларни бошқариш ва ўз манфаатларини оқлаш имконини берган. Масалан, Исроил, Форс кўрфази давлатлари ва Левант ҳудудини бир минтақа сифатида тасвирланиб, уларни “глобал хавфсизлик” ва “терроризмга қарши кураш” контекстида изоҳлашга уриниб келади. Шу тариқа Ғарб сиёсатчилари ҳудудга аралашувларини омма олдида ҳаққоний ва табиий кўрсатишга эришган.
Терроризмга қарши кураш ўйини
2001 йил 11 сентябрь воқеалари АҚШ учун умумий миллий травмага айланди. Бунда террористик актнинг кўламидан ҳам кўра унинг содир бўлган вақти ва ҳудуди ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Совуқ Уруш якунланиб, АҚШ энди глобал майдонда якка гегемон куч сифатида эътироф этила бошлаган бир вақтда унинг ўз ҳудудида бундай ҳужумга учраши америкаликларнинг ўзига бўлган ишончига жиддий таъсир қилди. Айнан шу воқеа ортидан Америкада юзага келган янги конъюнктуранинг ривожланиши бутун жаҳон учун янги глобал душман – терроризмни саҳнага олиб чиқди. Бу воқеа шуни англатдики, “терроризмга қарши уруш” доирасида бетарафлик ва бағрикенглик учун жой қолмаганди.
“Вақт ўтиши билан давлатлар ҳаракатсизлиги учун жавоб беришини билиши муҳим бўлади. Сиз терроризмга қарши курашда ёки биз билан биргасиз, ёки бизга қаршисиз,” деган эди Кичик Жорж Буш.
(1).jpg)
Ушбу ўзгаришларни очиб берган асосий расмий ҳужжат 2002 йилги АҚШнинг Миллий хавфсизлик стратегияси бўлиб, у “Буш доктринаси” деб ҳам аталади. Ушбу доктрина, айниқса, турли мамлакатларни душман ёки дўстона деб белгилаш орқали Америка геосиёсий тасаввуридаги ўзгаришларни очиб беришда муҳимдир.
Терроризмга қарши янги уруш АҚШ ҳарбий кучларини “ватанни ҳам ички, ҳам ташқи томондан ҳимоя қилиш” ниқоби остида Яқин Шарқ минтақасида ҳарбий амалиёт ўташини легитимлаштирди.
Мазкур сиёсат доирасида АҚШ айрим давлатларни очиқчасига хавф манбаи сифатида кўрсатди. Хусусан, Ироқ, Эрон ва Шимолий Корея давлатлари “ёвузлик ўқи” деб эълон қилинди. Бу давлатлар оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқиш, терроризмни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий беқарорликни кучайтиришда айбланди. Айниқса, Эрон билан муносабатлар кескин совуқлашди. АҚШнинг бу давлатни “Ёвуз давлат” сифатида белгилаши икки томон ўртасидаги ишончсизликни янада чуқурлаштирди ва бугунги кунгача давом этаётган геосиёсий қарама-қаршиликнинг асосини яратди.
“Терроризмга қарши уруш” амалда АҚШнинг ҳарбий кучини кенгайтириш воситасига айланди. Дастлаб нишон сифатида Афғонистон танланди – бу ерда Ал-Қоида фаолияти учун база мавжуд деб ҳисобланди. Кейинчалик эса асосий эътибор Ироққа қаратилди. Саддам Ҳусайн режими оммавий қирғин қуролларига эга экани, терроризм билан алоқаси борлиги ва минтақада устунликка интилаётганликда айбланди.
.jpg)
2003 йилда Ироққа бостириб кириш айнан шу далиллар билан оқланган бўлса-да, кейинчалик бу даъволарнинг аксарияти тасдиқланмади. Шунга қарамай, уруш янги мақсад билан изоҳланди – Ироқни демократик давлатга айлантириш ва уни бутун Яқин Шарқ учун намуна қилиш. Бу эса амалда бутун минтақани қайта шакллантиришга қаратилган стратегия эди.
Бироқ, ушбу сиёсат кутилган натижани бермади. Ироқда барқарор демократия ўрнатилмади, аксинча, минтақада беқарорлик кучайди ва АҚШга нисбатан салбий муносабат ортди. Бу эса АҚШнинг глобал имижига путур етказди ва унинг Яқин Шарқдаги етакчилик ролини шубҳа остига қўйди.
Натижада “терроризмга қарши кураш” шиори аста-секин ўзининг асл моҳиятини очиб бера бошлади: бу нафақат хавфсизликни таъминлаш, балки минтақада сиёсий ва ҳарбий таъсирни мустаҳкамлаш воситаси эди. Айниқса, Эрон билан юзага келган кескинлик бу сиёсатнинг узоқ муддатли оқибатларини кўрсатиб берди.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШ учун “терроризмга қарши кураш” нафақат хавфга жавоб, балки Яқин Шарқда ўз геосиёсий манфаатларини илгари суриш, ҳарбий мавжудлигини оқлаш ва глобал устунлигини сақлаб қолиш учун қулай восита бўлиб хизмат қилди.
Катта Яқин Шарқ концепцияси
Терроризмга қарши кураш фонида пайдо бўлган “Катта Яқин Шарқ” (Greater Middle East) концепцияси анъанавий Яқин Шарқни кенгайтириб, стратегик назорат нуқтаи назаридан қайта талқин қилишга хизмат қилди. Катта Яқин Шарқ концепциясига кўра Араб дунёси, Афғонистон, Покистон, Эрон, Туркия ва Исроил янги сунъий минтақага қўшилган. Шу тариқа, ҳудуд сиёсий ва стратегик жиҳатдан кенгайтирилди.
.png)
Мазкур концепциянинг асосий мақсадларидан бири – минтақани сиёсий жиҳатдан қайта шакллантириш эди. АҚШ расмий дискурсида бу “демократияни ёйиш”, “эркин бозор иқтисодиётини ривожлантириш” ва “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” каби қадриятлар билан изоҳланган бўлса-да, бироқ амалда бу сиёсат кўпроқ геостратегик манфаатларга хизмат қилгани кўзга ташланади. Хусусан, минтақадаги энергия ресурслари, транспорт йўллари ва стратегик жойлашув устидан назоратни кучайтириш асосий омиллардан бири бўлди.
Геостратегик жиҳатдан қаралганда, бу концепция АҚШнинг глобал етакчилигини сақлаб қолишга қаратилган эди. Янги геостратегик тасаввур орқали АҚШ ўзининг ҳарбий ва сиёсий аралашувларини нафақат оқлади, балки уни зарурат сифатида кўрсатди. Бу эса бошқа йирик кучларнинг минтақада мустаҳкам ўрин эгаллашининг олдини олишга хизмат қилди.
Шунингдек, концепция “интеграция” ғоясига ҳам асосланди. Яъни, минтақа давлатлари Ғарб қадриятлари ва иқтисодий тизимига мослаштирилиши керак эди. Бу жараён “модернизация” ва “тараққиёт” номи остида олиб борилди, аммо амалда у АҚШ томонидан белгиланган сиёсий ва иқтисодий моделни жорий этишга қаратилган эди. Шу тариқа, “Катта Яқин Шарқ” нафақат геосиёсий, балки мафкуравий лойиҳа сифатида ҳам намоён бўлди.
Бироқ, ушбу концепция кутилган натижаларни бермади. Ироқ ва Афғонистондаги беқарорлик, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ва анти-американизмнинг кучайиши АҚШ сиёсатининг легитимлигига путур етказди. Натижада, “Катта Яқин Шарқ” лойиҳаси глобал сиёсатдаги энг баҳсли лойиҳалардан бири сифатида тарихда қолди.
Хулоса қилиб айтганда, Яқин Шарқ бу барча учун умумий, аниқ чегараларга эга ҳудуд эмас, балки АҚШнинг геостратегик манфаатлари юзасидан яратилган “шахмат тахтаси”. Бу партияда АҚШ энг кучли сипоҳларга эга, бироқ шахмат шундай ўйинки, пиёда билан ҳам фарзинни ютиб олиш мумкин.
Live
Барчаси