Ягона туркий алифбо ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа якунланди
Олам
−
11 Сентябрь
13893Озарбайжоннинг Баку шаҳрида 9-11 сентябрь кунлари Халқаро туркий академия ва Турк лингвистик жамияти томонидан ташкил этилган умумий турк алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи сессияси муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда “Охu.аz” хабар берди.
Туркий тиллар академиясининг маълум қилишича, йиғилишдан кўзланган асосий мақсад ушбу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар ва комиссиянинг икки йиллик тажрибаси асосида туркий тиллар алифбоси бўйича қўшма лойиҳа устида ишларни якунлаш бўлган.
Қайд этилишича, учрашувда олимлар томонидан илк бор 1991 йил таклиф этилган лотин алифбосига асосланган туркий дунёнинг ягона алифбоси ҳар томонлама муҳокама қилинган. Шунингдек, комиссия ушбу алифбо лойиҳасини қайта кўриб чиқиш бўйича муҳокамалар ўтказган.
“Комиссия фаолияти натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо бўйича келишувга эришилди. Таклиф этилаётган алифбонинг ҳар бир ҳарфи туркий тилларда учрайдиган алоҳида фонемани ифодалайди”, дейилади хабарда.
Туркий академия ушбу тадбирнинг тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритиб, умумий турк алифбосини ишлаб чиқиш туркий халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантириш, шу билан бирга, мамлакатларнинг тил меросини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маълумот учун, 1991 йилда барча туркий халқлар учун ягона, 34 ҳарфдан иборат алифбо ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон ҳам 1993 йилдан 1995 йил майигача ушбу алифбодан фойдаланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат раҳбарларининг норасмий саммити ўтказилганди.