Ўзбекистондаги исроилликлар огоҳлантирилди
Таҳлил
−
17 Июнь
6489Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш ўзининг энг юқори нуқтасига чиқиб бораётган бир пайтда Ўзбекистондаги исроилликлар жиддий огоҳлантирилди. Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар туфайли Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон ва Тожикистондаги исроилликларга зарур ёрдам кўрсатиб келаётганини маълум қилди.
Миллий хавфсизлик кенгаши эса хориждаги барча Исроил фуқароларини, жумладан, Ўзбекистондаги исроилликларни ҳам эҳтиёт чораларини кўришга чақирган. Хусусан, улардан жамоат жойларида яҳудий ёки Исроил рамзларини кўрсатмаслик, ижтимоий тармоқларда қаерда яшаётгани ёки қаерга саёҳат қилмоқчилиги ҳақидаги маълумотларни жойлаштирмаслик, Исроил ёки яҳудийлик билан боғлиқ оммавий тадбирлардан қочиш, маҳаллий хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ва хавф туғилганда дарҳол уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, жамоат жойларида ҳушёр бўлиш сўралган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги исроилликлардан фақат ишончли такси иловаларидан фойдаланиш ва тасодифий машиналарга чиқмаслик, фавқулодда вазият юзага келганда, дарҳол маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш бирор бир воқеа ҳақида Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг 02-5303155 рақамидаги операция марказига хабар бериш ҳам сўралган.
Албатта, бундай ҳушёрлик фақатгина Ўзбекистондаги исроилликларга берилган эмас. Бутун дунёдаги яҳудий давлати фуқаролари шундай огоҳлантирилмоқда. Аммо Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси мазкур масалада хавотир олса арзигулик воқеа билан бундан 1,5 йил олдин юзлашганди. Гап шундаки, 2023 йилнинг 19 октябрь куни эрта тонгда соат чамаси 4:30 лар атрофида бир талаба йигит Тошкентдаги Исроил элчихонасини ёқиб юбормоқчи бўлган. Бу ҳодиса Исроилнинг Ғазодаги қирғини бошланганидан 11 кун ўтиб содир бўлган. У 2004 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси бўлган. Йигит ўша куни ўз мақсадини амалга ошириш учун спорт сумкасига бир дона 0,45 грамм ҳажмдаги ёнувчи “керосин” суюқлиги солинган шиша идиш, гантель, икки қути гугурт ва мато бўлакларини солиб, велосипедда элчихона ёнига келиб тўхтаган. Шунда унинг ҳаракатлари элчихона ёнида жойлашган Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ходимларининг эътиборини тортган.
Улар йигитдан тўхташни сўраган, у эса велосипедини бошқарган ҳолда қочишни бошлаган. Ходимлар хизмат машинасида уни кузатиб бориб, тўхтатган ва ИИБ биноси ёнига олиб борган ҳамда елкасидаги сумкани очиб кўрсатишни сўраган. Талаба йигит шунда ҳам ўз мақсадига етишиш учун ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидаги керосин солинган шиша идишни ва бир дона гантель тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга югурган. ИИБ ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари йигитни элчихона эшиги ёнида ушлашган. Бу орада у қўлидаги шишани ва гантель тошини девор устидан элчихона ҳовлиси ичига улоқтирган. А.А. судда берган кўрсатмасида 2023 йил октябрь ойининг ўрталарида Ғазо секторида Исроил ва Фаластин ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувлар акс этган видеоларни кўра бошлаганини, оқибатда Исроил давлатини ёмон кўриб қолганлигини, ўч олиш мақсадида ушбу давлатнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юборишни мақсад қилганини билдирган. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди талабани Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Бугун эса Эрон ва Исроил орасида кечаётган уруш фонида ўзбекистонликлардан тарафкашликдан чекиниш сўралди. Яъни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини бугунги кунда кузатилаётган можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туришга чақирди.
“Фуқароларимизни турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга даъват этамиз. Жамиятимизда миллий ва диний тотувликни сақлаш – умумий барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати эканлигини эслатамиз”, дейилади ТИВ баёнотида.
LiveБарчаси