Эрон-Исроил: урушнинг 3-куни
Таҳлил
−
15 Июнь
17469Ер юзидан тинчлик ариди. Урушлар тўхтамаяпти, аксинча кун сайин кўпайиб бормоқда. Дунёдаги можаролар сони энг юқори кўрсаткичга етди. Йилдан йилга ҳарбий тўқнашувлар сони ортиб бормоқда. Зўравонлик даражаси эса сўнгги ўттиз йилликдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқорилаган. Сўнгги уч кун давомида Исроил ва Эрон ўртасидаги ракета ва дронлар алмашинуви эса нафақат минтақа, балки бутун сайёрадаги хавфсизликка путур етказишга яқин. Бу Россиянинг Украинадаги, Исроилнинг Ғазодаги босқинидан анча фарқ қилувчи жараён экани кўпчиликка маълум. Чунки бу сафар икки томонда ўзаро тенг рақиблардир. Одатда тенг кучларнинг шу каби тўқнашувлари аянчли хотиралар билан ёдда қолади.
Ортда қолаётган ҳафта давомида дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастури.
Янги уруш – янги хавф
13 июнда Исроил ва Эрон ўртасида тўқнашув бошланди. Албатта, бу тўсатдан содир бўлган зиддият эмас. АҚШ ва Эроннинг ядровий музокаралари 5 роундга чўзилиб кетгани, Трампнинг Эронга берган 60 кунлик мухлати ўз якунига етгани ортидан мазкур жараёнга “ўт кетди”. Яқин Шарқда “портлаш” яқинлиги ва Исроил тез фурсатларда Эронга ҳужум қилиши ҳақидаги хабарлар ОАВдаги асосий мавзуга айланди. Берилган муҳлатнинг 61-кунидаги илк соатларга келиб, Исроил Эрондаги инфратузилмаларни нишонга ола бошлади. Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими донг қотган маҳал форслар яҳудийларнинг ҳужумидан катта зарар кўрди. Эроннинг қатор ҳарбий амалдорлари, физик олимлари ва Натанз каби муҳим стратегик ядровий объектларига зарбалар йўлланди. Куннинг иккинчи ярмида Исроил ҳужумнинг иккинчи тўлқинини амалга оширди. Шероз, Кирмоншоҳ ва яна кўплаб нуқталарга зарба берилди. Шундан сўнг, Теҳрон ва бошқа жойлардаги аҳоли хун талаб қилиб кўчага чиқди. Эрон расмийлари эса аҳолидан ҳарбий техникаларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчирилаётганига гувоҳ бўлса, мазкур жараённи тасвирга олиб тармоқларга жойламасликни сўради ва яқин фурсатларда Исроилга жавоб берилишини ваъда қилди.
Эроннинг жавоби эса Исроил ҳужумининг учинчи тўлқини бошлангани ҳақидаги хабарлардан сўнггина амалга оширилди. 150 га яқин гипертовушли баллистик ракеталар Тель-Авивга йўл олгани ҳақида хабар берилди. Исроил пойтахти ёпирилма ҳаво ҳужумига учради. “Темир гумбаз” шаҳарни кўнгилдагидек ҳимоя қила олмади. Кўплаб зарбалар нишонга етиб борди. Тармоқларда тарқалган тасвирларда “Темир гумбаз” ракеталарни тутишда базида кечиккани ёки мутлақо қаршилик қила олмагани яққол кўзга ташланди. Ушбу ҳужумни теҳронликлар жонли тарзда кузатишди. Шу куни куннинг биринчи қисмида Эронда ҳукм сурган муҳит кечга бориб Исроилга кўчди. Кундузи Теҳронда кузатилган тутун тунда Тель-Авивда пайдо бўлди. Бир неча соат олдин Исроилда қилинган байрам эса Эрон кўчаларига кўчди.
Аммо ўша кунги умумий зарарга тўхталадиган бўлсак, Эроннинг йўқотишлари Исроилга қараганда шубҳасиз кўпроқ. Муҳим юқори даражадаги шахслардан тортиб, стратегик объектларгача барча-барчасида Эрон каттароқ ресурсларни бой берди. Исроил зарбалари оқибатида 78 киши вафот этган бўлса, 200 яқин аҳоли жароҳатлангани ҳақида хабарлар бор. Эронлик олимлар ва генераллар эса алоҳида мавзу. Улар ичидаги ҳозиргача тасдиқланган энг катта йўқотиш Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамханий, Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-полковник Муҳаммад Бағирий, Аэрокосмик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода, Эрон Бош штабининг “Хотам ал-Анбия” Марказий штаби қўмондони генерал-майор Ғулом Али Рашид, Бош штаб бошлиғининг разведка бўйича ўринбосари генерал Ғуломризо Меҳробий ва оператив қўмондонлик бошлиғи ўринбосари генерал Меҳди Раббонийлардир. Илмий раҳбарият ва Эроннинг ядро салоҳиятида муҳим ўрин тутувчи олимлардан Ферейдун Аббосий ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ҳалок бўлган.
Эроннинг Исроилга жавоб зарбасидан эса 5 киши ҳалок бўлган ва яна бир неча ўнлаб инсонлар турли даражада жароҳатлангани айтилди. Аммо Эрон учун энг катта йўқотиш бу “Қудс” кучлари қўмондони, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Исмоил Қааний бўлиши мумкин. Ҳозирча унинг ўлими ҳақида фақат хориж ОАВ ёзмоқда. Қосим Сулаймонийнинг ўриндоши бўлган Исмоил Қааний Исроилнинг асосий мақсади бўлган бўлиши ҳам мумкин. Чунки “Қудс” кучлари Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг хорижий махсус операциялар бўлинмаси бўлиб, Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги Эрон иттифоқчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Минтақа бўйлаб кенг ёйилган ва Исроилнинг энг катта бош оғриғи бўлган Эронга қарашли прокси гуруҳларнинг умумий ҳаракатларида ҳам айнан “Қудс” ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Украинча зарба ва иккинчи роунд
Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашувда ҳар бир томоннинг ўз муддаоси борлиги айтилаётган бўлсада, четдан қараганда отилаётган ракеталар, учирилаётган дронлар ва бутунлай урушнинг ўзи мақсадсиздек таассурот уйғотмоқда. Жараённи мантиқ буткул тар этгандек. Буни ўзи 3,5 йилдан буён босқин амалиётини олиб бораётган Россия Президенти Путиннинг 13 июнь кунги Исроил ҳужумларидан сўнг, Нетаньяху ва Пезешкиён билан телефон орқали суҳбат қилиб, икки томонни муросага чақирганидан билса ҳам бўлади. Аксига олиб унинг қўнғироғидан кейин Эрон кўп ўтмай Исроилга жавоб зарбалари йўллади. Эртаси куни Эрдўған ҳам мулоқотларга киришиб, можарони тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлади. У “қора шаҳзода”га қўнғироқ қилиб, Исроилни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган бўлсада, аллақачон уруш давлатига айланган Нетаньяху режими 14 июнь куни ҳужумларнинг иккинчи роундини амалга оширди. Кечга бориб уюштирилган ҳаво ҳужумида бу сафар Эрон ҳаво мудофаа тизими уйғоқ эди. Исроилнинг Эронга қараб йўл олган 50 та қирувчи самолётидан 10 га яқини уриб туширилгани ҳақида хабар берилди. Теҳрон ва Бандар Аббосга зарабалар берилди. Қанотли ракеталар сақланадиган ерости омбори ва Теҳрондаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳам нишонга олинган. Шохруд ва Машҳадга берилган зарбалар эса бартараф этилган.
Ушбу ҳужумдан сўнг Эрон давлат телевиденияси яқин дақиқаларда Исроилга жавоб берилишини маълум қилди. Шундан сўнг сценарий бўйича навбат Эронга келди. Улар юқори даражадаги аниқлик билан зарба берадиган “Эмад” ва “Ҳайбар” номли баллистиc ракеталари билан жавоб қайтараётгани ҳақида хабарлар чиқди. Кўп ўтмай, Исроил осмонида ҳалокатли қуроллар пайдо бўлди. Исроилнинг икки асосий шаҳри Тель-Авив ва Ҳайфага ёпирилма зарбалар йўлланди. Эроннинг бу сафарги ҳужуми ўтган кундагига қараганда анча ҳалокатли бўлди. Чунки сўнгги маълумотларга кўра, охирги зарбалар оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 200 киши жароҳатланган ва яна 35 га яқин одам бедарак йўқолган. Маълумотлар вақт ўтиб янгилниши мумкин. Чунки Тель-Авивдаги шифохоналарга ётқизилганлар орасида аҳволи жуда оғир бўлганлар кўп экани айтилмоқда.
Моссад “саргузаштлари”
Эрон ва Исроил зиддиятидан узоқлашмаймиз. Чунки ушбу воқеликда урушлар тарихида навбатдаги саҳифа очилди. Гап бундан бир муддат илгари Украинанинг Россияда ўтказган “Ўргимчак тўри” операциясига ўхшаш амалиёт ҳақида кетяпти. Аниқроқ қилиб айтганда, Исроил Эронга қилинган ҳужумнинг илк соатларида душман ҳудудида олдидан тайёрлаб қўйилган махсус базадан фойдаланиб, Эронга берилган зарбаларнинг аксариятини ўша ердан туриб амалга оширган. Қайд этилишича, Эроннинг ядровий иншоотларига зарба беришдаги кўп йиллик тайёргарлик давомида Исроил бу ерда учувчисиз самолётлар базасини қурган ва аниқ қурол тизимлари ва қўмондонларини мамлакатга олиб киришни ташкил қилган. Тайёргарлик ишлари Исроил мудофаа кучлари ва “Моссад” разведка хизмати ўртасида яқин ҳамкорликда ўтказилган.
“Моссад” агентлари Эрон ичида, Теҳрон яқинида дрон базасини ўрнатган. Дронлар тунда фаоллаштирилган ва Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини фалажлаган. Исроил қирувчи самолётлари Эрон осмонида бемалол ҳаракатланганининг асосий сабаби ҳам шу.
Мазкур операция жараёнида Исроил мамлакатга қурол-яроғ тизимларини олиб ўтувчи машиналар ҳам олиб кирган. 14 июнь куни Эрон хавфсизлик хизмати шу мақсад йўлида фойдаланилган қатор юк машиналарини аниқлади. Бу Исроилнинг ўз душмани лагерига чуқур кириб борган биринчи махфий операцияси эмас. Ўтган йили Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га тегишли пейжерлар ва бошқа жиҳозларнинг катта портлаши ҳам кўпчиликни ақлдан оздирганди. Умуман олганда бу Исроил махфий хизматларининг Эрон хавфсизлик тизими устидан қилган навбатдаги ғалабаси. Исроил йўқ қилишни хоҳлаган исталган шахсни у ётоқхонасида бўлса ҳам бемалол амалга оширар экан, бу Теҳрон учун жиддий сигнал бўлиши лозим. Эрон ўз махфий хизматларини, турли орган ва бошқа тузилмаларини “Моссад” агентларидан астойдил тозаламаса, Исроилнинг кейинг нишони Оятуллоҳ бўлиши ҳам мумкин. Айни пайтда Эрон олий раҳбари атрофида шундай мазмундаги хабарлар ҳам йўқ эмас.
Паҳлавийлар қайтадими?
Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли Ризо Паҳлавий Исроил томонидан Эрон ҳудудига уюштирилган зарбалар фонида “отни қамчиламоқчи”. У халқаро ҳамжамиятни Эрондаги ҳокимиятни ағдаришга ундади. Паҳлавий “Эрон инқирози” билан боғлиқ масалани амалдаги ҳокимиятни қулатишда халқни дастаклаш таклифини илгари суряпти.
“Эрон билан боғлиқ ҳозирги инқирознинг ягона ечими мавжуд: Эрон ва бутун дунёни гаровда ушлаб турган режимни ағдаришда эронликларга ёрдам бериш”, деб ёзди у.
Паҳлавий Оятуллоҳ ҳокимиятини Эрон миллий бойликларини талон-торож қилишда, ядровий дастур учун маблағ сарфлаб, мамлакатни уруш ёқасига олиб келишда айблади. Унинг айтишича, Эрон ҳукумати “музокаралар олиб бориш учун ишончли ҳамкор эмас” ва унга ҳақиқий муқобил – бу тинчликни, урушсиз хавфсиз келажакни истовчи Эрон халқидир. У халқаро ҳамжамиятни Эронга нисбатан максимал босим, жумладан, санкцияларни тиклаш орқали жавоб қайтаришга чақирди. Исроилнинг Диаспоралар ишлари бўйича вазири Амихай Шикли эса Х'даги саҳифасида Ризо Паҳлавий билан тушган суратини жойлаштирди ва Паҳлавийнинг Теҳронга боришига ишора қилиб, суръат остида “Тез орада Теҳронда”, дея изоҳ қолдирди.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз, бу Ризо Паҳлавийнинг жорий йил ҳисобида биринчи бор эътибор марказига тушиши эмас. У Трамп ҳокимият тепасига келиши билан бир қадар фаоллашди. Дастлаб, жорий йил бошида “Make Iran great again” шиори остида кўзга ташланганди. Исроилнинг Эронга ҳужумидан сўнг эса яна ижтимоий тармоқларда кўриниш беряпти. Эрон халқини амалдаги ҳокимиятга қарши қўйиш орқали Паҳлавий Нетаньяху билан деярли бир хил қарашни илгари сурмоқда.
Аммо кўринишидан фақат ғоялардагина ўхшашлик мавжуд эмас, балки ҳаракатларда ҳам Паҳлавийлар оиласи яҳудийпараст қадамлар ташламоқда ва улар билан яқин муносабатларга киришган чоғи. Жумладан, жорий ҳафта унинг қизи яҳудий тадбиркорга турмушга чиққани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ризо Паҳлавийнинг қизи Имон Паҳлавий Нью-Йоркдаги шахсий тўй маросимидан сўнг яҳудий америкалик тадбиркор Бредли Шерманга Парижда турмушга чиқди. Эр-хотин ўтган ой Нью-Йорк шаҳридаги Манхеттен никоҳ реестрида никоҳини расман рўйхатдан ўтказди. Уларнинг расмий никоҳ маросимида фақат яқин оила аъзолари иштирок этган.
Бироқ Нью-Йоркдаги шахсий байрамдан сўнг, Имон ва Бредли Парижда дўстлари ва оила аъзолари учун дабдабали тўй ҳам ўтказди. Эр-хотин Нью-Йоркда яшайди. 31 ёшли Имон American Express'да ишлайди, эри эса Matternet дронларни етказиб бериш компаниясида ҳамкорлик бўлими бошлиғи. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларда яҳудийларнинг тўйларида кенг тарқалган анъанага айланган келин ва куёв стулга кўтарилаётганда хор рақсга тушгани акс этган. Тўйга бўлган муносабат эса мутлақо икки қутбга ажралган бўлиб, Эрон диаспораси бунга ижобий муносабатда бўлса, бошқалар учун мазкур жараён “қабул қилиб бўлмас ишдек” туюлмоқда.
Маълумот учун, Паҳлавийлар сулоласи Эронни 1925 йилдан 1979 йилгача бошқарган. Сулола асосчиси – Ризо Шоҳ Паҳлавий. У аввалги Қожар сулоласини ағдариб, ҳокимиятни эгаллаган. 1979 йилда халқ норозиликлари ва Руҳуллоҳ Хумайний бошчилигидаги Ислом инқилоби туфайли ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Ризо Паҳлавий эса Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тўнғич ўғли ва Паҳлавий сулоласининг меросхўри ҳисобланади. У 1960 йил 31 октябрда Теҳронда туғилган. Паҳлавий Эрон монархияси тугатилгач, 1979 йилги Эрон Ислом инқилоби вақтида мамлакатдан чиқиб кетган. У Эронда тақиқланган Эрон Миллий Кенгашининг асосчиси ва раҳбари саналади. Айни пайтда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилмоқда.
Зеленский эътиборни йўқотишдан хавотирда
Исроилнинг Эронга ҳужумлари фонида энг катта зарар кўрувчи давлат Украина бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Чунки Ғарб хавфсизлигида муҳим ўрин тутувчи Украина ўзига бўлган эътиборнинг катта қисмини йўқотиши мумкин. Чунки Яқин Шарқда эндиликда АҚШнинг арзандаси эскалация пайдо қилишга астойдил ҳаракат қиляпти. Зеленский эса Россия босқини кучайиши фонида Украина Ғарб учун иккинчи даражали масалага айланиб қолмаслигига умид қилади.
Шундай бўлишига қарамай, Киев барибир Европа қитъаси хавфсизлигида бугун энг муҳим ўринга эга. Украина томонидан бой берилган ҳар бир қарич, Россия Европага бир қарич кириб боряпти дегани. Шу боис ЕИнинг салкам 1 млрд евролик янги қуролланиш режасида Украина муҳим ўрин тутади.
Аср авиаҳалокати
2024 йил декабрь охирида Озарбайжонга тегишли самолёт Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри ҳудудида қулаганидан бери осмон тинч ва хавфсиз эмас. Ўша воқеа билан деярли бир вақтда Кореядаги дахшатли қулаш, Канада ва АҚШдаги ҳалокатлар кўпчиликни жунбушга келтирди. Шундан бери ҳаво йўллари тинч эмас. Жорий ҳафта 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штати Аҳмадобод шаҳрида содир бўлган авиаҳалокат эса ҳаммасиданда аянчли кўриниш олди. Дастлаб ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча 242 киши, шунингдек, учоқ қулаган талабалар ётоқхонасидаги 35 киши – жами 317 нафар одам ҳалок бўлгани айтилди. Кейинроқ ушбу рейсда учган бир кишининг омон қолгани маълум бўлди. У Буюк Британия фуқароси бўлган 40 ёшли Вишвакумар Рамеш эди. Рамеш авиаҳалокат содир бўлгач, хавфсизлик камарини ечишга ва дераза яқинидаги эшикни оёғи билан тепиб очганча ташқарига судралиб чиқишга муваффақ бўлади.
Юқорида мазкур ҳалокатда 317 нафар шахс вафот этгани таъкидланди. Шу ўринда муҳим бир маълумот, XXI асрдаги ҳеч бир авиаҳалокатда бунча қурбон бўлмаган. Бунгача асримизнинг энг кўп қурбон берилган авиаҳалокати Россия томонидан Украинада 2014 йилда уриб туширилган Малайзия фуқаролик самолёти эди. Унда 298 нафар инсон ҳалок бўлган.
Авиакомпания маълумотларига кўра, бортда қолган 241 кишининг барчаси – 229 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Қурбонларнинг 169 нафари Ҳиндистон, қолган 52 нафар марҳум Британия фуқаролари бўлган. Улардан фақатгина айнан Рамеш мўъжизавий тарзда омон қолган. Ҳозиргача 200 дан ортиқ жасад топилган, аммо уларнинг қайси бири йўловчи, қайси бири ерда бўлган қурбон экани аниқ эмас.
Рамешнинг сўзларига кўра, кўтарилишдан бир неча лаҳза ўтиб, салонда чироқлар титрай бошлаган. Рамеш ўтирган жой самолётнинг қулаган қисмида бўлган, бинога тегмаган, шу сабабли омон қолишга имкон бўлган. Самолёт иккинчи томони билан пастга қулаган бўлгани боис, қарама-қарши томонда ўтирган йўловчилар учун қочиш имкони бўлмаган. Ҳалокат сабаблари эса ҳозирча номаълум. Фақатгина “қора қути” топилган, у орқали текширув давом эттирилади. Полиция маълумотига кўра, фақат 6 та жасад таниб олинган. Кўпчилик жасадлар таниб бўлмас ҳолатда бўлгани сабаб, ДНК таҳлили орқали аниқлаш ишлари давом этмоқда.