Шимолий Корея Эрон томонда

Таҳлил

“Гумбаз остидаги” Шимолий Корея Эрон тарафида туриб Исроил ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари, хусусан, АҚШга қарши баёнот эълон қилди. Ким Чен Иннинг “монархияси” Ғарб можарога “бурун суқмаслигини” хоҳламоқда. Аниқроғи,  мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Европа давлатларини Эрон-Исроил ўртасидаги можарога аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

19 июнь куни эълон қилинган бу баёнотда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг муҳим инфратузилмаси, шу жумладан энергетика объектлари ва фуқаролик иншоотларини нишонга олган Исроил ҳаво ҳужумларини қоралади. Шимолий Кореянинг расмий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотда Исроилнинг ҳаракатлари “инсониятга қарши даҳшатли жиноят” деб таърифланган.

“2025 йил 13 июнь тонгида Исроил томонидан Эрон Ислом Республикасига нисбатан амалга оширилган йирик миқёсдаги ҳарбий ҳужум давлат томонидан қўллаб-қувватланган терроризмнинг ноқонуний ҳаракати бўлиб, халқаро ҳамжамиятда кескин норозилик ва хавотир уйғотмоқда ҳамда Яқин Шарқда янги кенг кўламли уруш хавфини кучайтирмоқда. Исроилнинг халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомининг асосий тамойилларини очиқчасига бузган ҳолда тинимсиз равишда фуқароларга қарши амалга ошираётган ҳарбий ҳужумлари – бу суверен давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига нисбатан очиқ тажовуз бўлиб, инсониятга қарши кечириб бўлмайдиган жиноятдир”, дейилади ТИВ баёнотида.

Шунингдек, вазирлик баёнотида ҳозирги инқироз АҚШ ва Ғарб мамлакатлари томонидан тўғридан тўғри қўллаб-қувватланган Исроилни Яқин Шарқдаги тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид сифатида шакллантиргани баён қилинган. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакилига кўра, АҚШ ва Европа кучларининг минтақадаги иштироки нафақат кескинликни кучайтиради, балки Эроннинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига ҳам қарши чиқади. Энг эътиборга молик жиҳати шуки, вазирлик баёнотида Исроил “саратонга” қиёсланган. Одатда яҳудий давлатига нисбатан бундай таърифлар Эрон расмий доираларидан янграрди.

“Яқин Шарқда янги урушни бошлаб берган тажовузкор кучлар глобал тинчликни барбод қилганлик учун жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Бугунги мураккаб вазият Исроилнинг АҚШ ва Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли Яқин Шарқдаги тинчлик учун хавфли ўсмага айланганини ва глобал тинчлик ҳамда хавфсизликни издан чиқараётган асосий айбдор эканини аниқ кўрсатмоқда”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Шимолий Корея расмий идораси ўтган асрдаги Исроил босқинлари ва бу орқали яҳудий давлати ўз ҳудудини мунтазам равишда кенгайтирганини ҳам эслатиб ўтган. 

“Исроил ўтган асрларда тўрт бор юз берган Яқин Шарқ урушлари ҳамда ўнлаб ҳарбий босқинлар орқали ўз ҳудудини мунтазам кенгайтириб келган. Сўнгги йилларда эса у Фаластиннинг Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили, Ливан, Сурия ва бошқа минтақа давлатларига қарши ҳарбий ҳужумларини босқичма-босқич кучайтирди. Оқибатда ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди, оғир гуманитар инқироз юзага келди”, дея қайд этилган ТИВ баёнотида.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият ҳозирда Исроилнинг тажовузкор ҳудудий экспансиясини қоралаш ўрнига, жабрдийда Эроннинг қонуний суверен ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини танқид остига олиб, Яқин Шарқдаги вазиятни бошқариб бўлмайдиган ҳалокатли босқичга олиб чиқаётган АҚШ ва Ғарб кучларини диққат билан кузатмоқда. Вазирлик баёнотининг энг сўнггида эса Исроилдаги ҳокимият сионистлар деб аталган ва уларнинг қўллаб-қувватлаётганлар барча қилмишлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши таъкидланган. Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиш жоизки, бу Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро бошлангандан буён Шимолий Корея томонидан берилган илк расмий муносабат.

Ҳозирча Шимолий Корея ўзининг илк қадамини риторик жиҳатдан расмий Теҳрон фойдасига ташлади. Аммо айни дамда унинг амалий ёрдами ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Бироқ Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган Исроил билан урушда шарқий яримшарда Эронни йўқловчилар етарлича. Бугунгача 20 та мусулмон давлатининг Ташқи ишлар вазирлари Исроилни қораловчи қўшма баённома билан чиқди. Таркибида Ўзбекистон мавжуд бўлган ШҲТ аъзолари ҳам Исроил ҳужумининг илк кунларидаёқ бу ҳаракатларни қоралаганди. Фақат яҳудий давлати билан мудофаа ва яна кўплаб соҳаларда ўта яқин бўлган Ҳиндистонгина ушбу якдил фикрга қўшилмаганди. Бундан ташқари, Покистон энг биринчилардан бўлиб Эрон билан бирдамлик эълон қилганди. Туркия ҳам бир неча кундан буён Исроилга қарши кескин риторик позицияда. 

Аммо булар ичида ҳозирги тахминларга кўра, фақатгина Хитой Эронга бир нечта учоқ орқали ҳарбий ёрдам юборган бўлиши мумкин. 

Жорий ҳафтада “Telegraph” нашри Хитой Эронга учта самолёт орқали юк жўнатгани ва бу ёрдам давом этаётгани ҳақида хабар берди. Тахминларга кўра, самолётлар Эронга ҳарбий техника олиб борган. Қайд этилишича, самолёт Хитой шимолида кўтарилиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон устидан учиб ўтган ва ҳаво ҳудудини бутун дунё учун ёпган Эронга кириш арафасида радарлардан ғойиб бўлган. Аслида эса самолётлар Люксембургга етиб келиши керак бўлган, бироқ уларнинг ҳеч бири Европа ҳаво ҳудудига кирмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Ким Чен Ин Шимолий Корея Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг