Вояга етмаганлар энг кўп жиноят содир этган ҳудуд маълум қилинди
Жамият
−
28 Июль 2023
11552Фарғонада вояга етмаганлар содир этган оғир жиноятларнинг 20 фоизи ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизи Қўқон шаҳрига тўғри келади. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Президент иштирокидаги ушбу йиғилишда жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани айтиб ўтилган. Улар томонидан содир этилган жиноятларнинг 32 фоизи ўғрилик ва фирибгарлик ҳисобланади.
Ушбу тоифадаги жиноятларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида қайд этилган.
Ёшлар жиноятининг ҳар еттинчиси гуруҳ таркибида содир қилинган бўлиб, 1 минг 100 нафар ёшлар такроран жиноятга қўл урган.
“Эътибор беринг, ёшлар жиноятчилигининг катта қисми назоратсиз қолган вояга етмаганлар томонидан содир қилинмоқда. Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлари ҳам бор”, дейди давлат раҳбари.
Бу борада вилоятда ҳам, республикада ҳам энг ёмон аҳвол Қўқон шаҳрида экани кўрсатиб ўтилган.
“Вилоятда вояга етмаганлар содир этган оғир жиноятларнинг 20 фоизи ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизи айнан Қўқон шаҳрига тўғри келган. Ачинарлиси, 47 нафар мактаб ва 18 нафар коллеж ўқувчилари жиноятга қўл урган”, дейилади хабарда.
Бу бутун республика бўйича энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади.
LiveБарчаси