Вояга етмаган боласига ҳомий тайинламасдан четга кетган фуқароларга жавобгарлик белгиланмоқда

Жамият 4825
image
-

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан вояга етмаган фарзандларини таъминлаш, тарбиялаш борасидаги мажбуриятларини бажармасдан доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларини ташлаб бошқа ҳудудларига кетиб қолиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан жавобгарликни белгилаш мақсадида, айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимчалар киритилмоқда.

Ҳужжатга келтирилган тушунтиришда қайд этилишича, вояга етмаган фарзандларини таъминлаш, тарбиялаш борасидаги мажбуриятларини бажармасдан доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларини ташлаб бошқа ҳудудларга жами 1245 нафар шахслар чиқиб кетиб қолиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси вояга етмаган фарзандларига қонунчиликка мувофиқ васий ёки ҳомий белгиламаган.

Бунинг натижасида бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб берилган боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқлари бузилиб, вояга етмаганлар турли кўринишдаги ҳуқуқбузарлик қурбони ёхуд ўзлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги 47-6-модда билан тўлдирилади:

“47-6-модда. Ота-она вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинламасдан, бошқа ҳудудга ёки хориж давлатларига чиқиб кетиши

Ота-она васийлик ва ҳомийлик органлари орқали вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинламасдан бошқа ҳудудга ёки хориж давлатларига чиқиб кетиши (ота-оналарнинг ўз ота-оналик мажбуриятларини узрли сабабларга кўра бажара олмайдиган даври бундан мустасно) — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда (1,35 миллион сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда (2,7 миллион сўм) жарима солишга сабаб бўлади”.

Шунингдек, Оила кодекси 74-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга хорижий давлатга кетаётганида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши шарт.

Ота-она уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хорижий давлатга кетаётганида ўз болаларини қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдириши керак, васийлик ёки ҳомийлик, агар бу боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.

Ота-она хорижий давлатга доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга кетишидан бир ой олдин ўз болаларига васий ёки ҳомий белгилаш бўйича аризани вақтинча ёки доимий яшаётган ҳудуднинг васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этишлари лозим”.

Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“20-модда. Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда васийлик ёки ҳомийлик белгилаш

Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга яшаш жойида вақтинча бўлмаганда ёки хорижий давлатга кетаётганида ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши шарт.

Ота-она уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хорижий давлатга кетаётганида ўз болаларини қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдириши керак, васийлик ёки ҳомийлик, агар бу боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.

Ота-она хорижий давлатга доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга хорижий давлатга кетишидан бир ой олдин ўз болаларига васий ёки хомий белгилаш бўйича аризани вақтинча ёки доимий яшаётган ҳудуднинг васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этишлари лозим”.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 42
Рейтинг: 3
t
×