Волкан Оздемир ўзбекистонлик UFC жангчисини ўзи учун тузоқ деб атади
Спорт
−
30 Август 2023
8599Швейцариялик UFC жангчиси Волкан Оздемир Ўзбекистон вакили Богдан Гусковга қарши жангни ўзи учун тузоқ деб атади. Бу ҳақда у “Just Scrap Radio”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Топ-15 да мен билан жанг қила оладиган ҳеч ким йўқ эди, шунинг учун, агар мен бу турнирда иштирок этишни хоҳласам, дебютант билан жанг қилишим кераклигини айтишди. Албатта мен бундан хафа бўлдим. Бундай жанглар мен учун ҳам тузоқ, ҳам совға бўлиши мумкин”, дейди Волкан Оздемир.
У мазкур жангда ўзбекистонлик спортчининг имкониятларини паст баҳолаган ҳолда уни осонлик билан мағлуб этиб, мухлисларини хурсанд қилиш истагида эканини билдирган.
“Мен бу йигитнинг октагонда ётишини ва рефери қўлимни баланд кўтаришини хоҳлайман. Мухлисларим ва халқим бўладиган Парижда ғалаба қозониш мен учун муҳим. Бу жангни интиқлик билан кутяпман”, дейди спортчи.
Маълумот учун, Богдан Гусков профессионал фаолияти давомида 16 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 14 тасида ғалабага эришган ва 2 та баҳсда рақибларига имкониятни бой бериб қўйган. Унинг швейцариялик рақиби Волкан Оздемир эса бунга қадар 25 та жангда иштирок этиб, 18 тасида ютган ва 7 та жангда мағлубиятга учраган.
Эслатиб ўтамиз, Богдан Гусков ва Волкан Оздемир ўртасидаги жанг жорий йилнинг 2 сентябр куни Франция пойтахти Париж шаҳрида – UFC Fight Night турнири доирасида ташкил этилади.