Волейбол: Ўзбекистон 12 йиллик танаффусдан сўнг Осиё чемпионатида иштирок этади

Спорт 3366
image

Бугун, 7 сентябрь куни волейбол бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Япониянинг Чиба шаҳрида ўтказиладиган Осиё чемпионатида қатнашиш учун жўнаб кетди. Делегация вакиллари кунчиқар юртга Туркия орқали етиб боради.

Терма жамоа таркибидан 11 нафар спортчи, 2 нафар мураббий ҳамда шифокор ўрин олган. Уларга Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Хусан Насруллаев раҳбарлик қилмоқда.

Осиё чемпионатида 16 та жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришади. Ўзбекистонлик волейболчилар эса “С” гуруҳида Австралия, Хитой ҳамда Қувайт терма жамоалари билан куч синашади. Ўз гуруҳларида дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар плей-офф босқичида медаллар учун курашни давом эттирса, қолган жамоалар 9 ва 16-ўрин учун курашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон волейбол терма жамоаси сўнгги маротаба бундан 12 йил муқаддам қитъа чемпионатида иштирок этган. Кейинчалик турли сабабларга кўра, на эркаклар, на аёллар терма жамоалари Осиё чемпионатига йўлланма олмади. Бунинг натижасида Осиё волейбол конфедерацияси Ўзбекистон волейбол федерациясини қитъа миқёсидаги ҳар қандай мусобақада иштирок этишини тақиқлаб қўйган ҳамда молиявий жаримага тортганди. Федерациянинг янги раҳбарияти ушбу муаммоларни бартараф этди. 

Маълумот учун, волейбол бўйича эркаклар ўртасида Осиё чемпионати жорий йилнинг 12-19 сентябрь кунлари ўтказилади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 2.9
t
×