Волейбол федерацияси мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

Жамият 6496
image

Ўзбекистон Волейбол федерацияси мансабдорлари 300 млн сўмдан зиёд бюджет маблағларини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Волейбол федерациясида бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ўрганилган. Натижада, федерация мансабдор шахслари ва бошқалар бюджет маблағларини жуда кўп миқдорда талон-торож қилгани аниқланган.

Хусусан, собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига асосан, федерацияга 54 нафар спортчилар билан 23 кунлик ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун бюджетдан 445 млн сўм ажратилган бўлса-да, амалда 10 кун ўқув-машғулот йиғини ўтказилиб, 231 млн сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, терма жамоа ва унинг захираси таркибига киритилмаган 29 нафар спортчи турли спорт йиғинларига юборилиб, 75 млн сўм маблағлар асоссиз сарфланган.

Терговга қадар текширув давомида бюджетга етказилган зарарнинг 120 млн сўми қопланиши таъминланган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланаётган Каратэ миллий федерацияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 146
Рейтинг: 3
t
×