Каратэ миллий федерацияси мансабдорларига жиноят иши очилди

3-саҳифа 22282
image

Ўзбекистон жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланаётган Каратэ миллий федерацияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси президенти Н. Н. федерациянинг собиқ раҳбарлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат йўллаган.

Ушбу ҳужжатлар асосида Бош прокуратуранинг бошқа мутасадди идоралар билан ўтказган текширувлари натижасида Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар расмий ҳужжатларга сохта ёзув киритиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги маълум бўлган.  

Хусусан, 2020-2021 йилларда ўтказилган 10 та ўқув йиғинларида 49 нафар спортчи амалда қатнашмаган ҳамда меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса-да, иштирок этганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 403 млн. сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган. 

Спортчилар томонидан ишлатилмаган 64 турдаги 78,5 млн сўмлик дори воситалари ҳам талон-торож қилинган. 

Шунингдек, спорт зал ижарага олинганлиги тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 128 млн сўм маблағлар амалда спорт залига эга бўлмаган меҳмонхонага ўтказилиб, ўзлаштирилган. 

Шу каби 2021 йилда ўтказилган 3 та спорт мусобақалари қатнашувчилари томонидан тўланган 150 млн сўм бадал пуллари кирим қилинмаган. 

Бундан ташқари, меъёрий ҳужжатлар талабаларига зид равишда карате бўйича жаҳон чемпиони Д.О.га  тренерлик қилмаган У.Б.га давлат бюджетидан асоссиз равишда 6 минг АҚШ доллари тўланишига эришилиб, бюджет маблағлари ўзлаштирилган.  

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 864
Рейтинг: 3.1
t
×