Владимир Путин Президент Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Россия Президенти давлат раҳбарини таваллуд айёми билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.

Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланаётгани, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани, иқтисодиёт тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.

Етакчилар минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистон бўйича юзага келаётган вазият хусусида фикр алмашдилар.

Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов қуйидаги давлат раҳбарлари қутлов йўллаганини маълум қилганди:

ХХР Раиси Си Цзиньпин
Россия Президенти Владимир Путин
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев
Қозоғистон  Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров
Беларусь Президенти Александр Лукашенко
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев
Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси

“Ушбу табрикларда Президентимизнинг мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги оқилона сиёсати ва саъй-ҳаракатлари, минтақавий ва глобал миқёсдаги ташаббусларининг аҳамияти эътироф этилиб, давлатимиз раҳбари ва халқимизга энг эзгу тилаклар билдирилган”, дейди Асадов.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 64 ёшни қаршилади. Маълумот ўрнида, Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг