Виночиликдан логистикагача. Мирзиёев ва Алиев тор доирадаги учрашувда нималар ҳақида гаплашди?

Олам 2704
image

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ўтказдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашган.

“Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

2021 йил сентябрь ойида Озарбайжонда мамлакатимиз автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форумида умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилгани айтилмоқда

Учрашувда, шунингдек, транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш муҳим эканини қайд этган.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3
t
×