Венгрия ЕИ Кенгашига раислик қилади

Олам

image

Венгриянинг Европа Иттифоқи Кенгашига навбатдаги олти ойлик раислик ваколати бугун, 1 июль кунидан бошланади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи хабар берди.

Унга кўра, Венгриянинг ушбу ваколат муддати 2024 йилнинг 31 декабрь санасигача давом этади. Кенгашга раислик ҳар олти ойда бир марта Европа Иттифоқига аъзо бўлган 27 давлат ўртасида ўтади. Раислик қилувчи мамлакат Кенгаш ишига раҳбарлик қилади ва Европа Иттифоқининг бошқа институтлари билан музокараларда барча аъзо давлатлар билан ҳамкорликда иш олиб боради. 

Ўз дастурининг устувор йўналишларини санаб ўтишда Венгрия Европанинг барча соҳалардаги рақобатбардошлигини оширишни биринчи ўринга қўйди ва бу мақсадни ЕИ Кенгаши сиёсатининг барча соҳаларига интеграция қилди. Устувор йўналишлар қаторига иттифоқнинг кенгайиши бўйича самарали ютуқларга асосланган ташқи сиёсат, ноқонуний миграцияни ҳал қилиш киради. Шунингдек, улар орасида минтақавий тафовутларни камайтириш, иқтисодий, ижтимоий ва ҳудудий бирликни мустаҳкамлаш орқали бирлашиш сиёсатининг келажагини шакллантириш, фермерларга йўналтирилган кооператив қишлоқ хўжалиги сиёсати ҳамда демографик муаммоларни ҳал қилиш масалалари ҳам бор.

Маълумот учун, Кенгаш Европа Иттифоқининг етти институтидан бири ҳисобланади. Унинг расмий номи - Европа Иттифоқи Кенгаши, қисқача Кенгаш деб юритилади. Кенгаш Европа Комиссияси томонидан таклиф қилинган қонун ҳужжатларини муҳокама қилади ва қарорлар кўпинча Европа парламенти билан қўшимча муҳокамалардан сўнг қабул қилинади. Кенгаш ҳар бир Европа Иттифоқи давлатининг вазирларидан иборат. Раислик лавозимини эгаллаган мамлакат кун тартибини белгилаш, муҳокамалар иш жараёнига мос келишини ва музокараларнинг профессионал тарзда ўтказилишини таъминлаш учун жавобгардир.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Венгрия раислик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг