Венгрия Украинага кредит берилишига тўсқинлик қилмоқда
Олам
−
09 Октябрь
5107Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага 35 миллиард евро миқдорида кредит бериш имкониятини шубҳа остига қўйди. Бу ҳақда кеча, 8 октябрь куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
Украинага кредит Ғарб молия институтлари ҳисобларидаги музлатилган Россия активлари бўйича фоизлар билан таъминланиши керак эди. Аммо ҳар қандай Европа Иттифоқи давлатининг позицияси туфайли музлатиш хавфи ушбу лойиҳага таҳдид солиши мумкин. Венгрия Молия вазири Михали Варга мамлакат позициясини АҚШдаги президентлик сайловлари натижаларини кутиш истаги билан изоҳлади.
“Россияга санкцияларни узайтириш АҚШ сайловларидан кейин ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз. Биз бўлажак АҚШ маъмурияти бу масалада қайси йўналишда боришини кўришимиз керак”, деди Варга Люксембургдаги вазирлар учрашуви якунида.
Европа Иттифоқининг қолган давлатлари Россия активларини музлатиш муддатини узайтириш ва Украинага кредит беришни қўллаб-қувватлади. Европа комиссари Паоло Жентилони буни “сохта тарзда бир овоздан қўллаб-қувватлаш” деб атади.
Венгрия Бош вазирининг сиёсий маслаҳатчиси Балаж Орбан аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский 2022 йил февралида Россия билан тўқнаш келишга қарор қилиб, масъулиятсизликка йўл қўйганини айтди. Шу муносабат билан Орбан 1956 йилда Венгриядаги воқеаларни эслади, ўшанда 23 октябрда венгерлар мамлакатнинг социалистик ҳокимиятига қаршилик кўрсатган ва 12 кундан кейин қўзғолон Совет армияси томонидан бостирилган.
“1956 йилни ҳисобга олсак, биз 2,5 йил аввал Президент Зеленский қилган ишни қилмаган бўлардик, чунки бу масъулиятсизлик: у ўз мамлакатини мудофаа урушига тортди, шунча одам ҳалок бўлди, катта ҳудуд йўқолди”, деган маслаҳатчи.
Виктор Орбаннинг ўзи 2023 йил ёзда Венгриянинг амалдаги ҳукумати ҳеч қачон Россия билан урушмаслигини ва Украинадаги можарога тортилишига йўл қўймаслигини айтган эди. Аввалроқ у Европа Иттифоқи ва бошқа ЕИ давлатлари раҳбарияти Венгрияни Украинадаги можарога тортишга уринаётганини, уни Киевга қурол етказиб беришни бошлашга чақираётганини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлашига тўсқинлик қилмасликка рози бўлганди. Альянснинг собиқ бош котиби Столтенберг Венгрия НАТО режаларида иштирок этмаслигини тасдиқлади ва бу позицияни тўғри қабул қилишини айтди.