Венесуэла тинчимаяпти: пойтахтда яна зилзила содир бўлди
World
−
11 July 3688 2 minutes
Бугун, 11 июль куни Венесуэла пойтахти Каракасда 3 магнитудали яна бир зилзила қайд этилди. Шунингдек, жорий йилнинг 24 июнь куни кетма-кет содир бўлган кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 4 мингдан ошди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 июнь куни содир бўлган табиий офат оқибатида 4 118 киши ҳалок бўлган, 16 минг 740 нафари жароҳат олган. Минглаб фуқаролар эса ҳанузгача бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу сўнгги юз йилдан ортиқ вақт ичида Венесуэлада кузатилган энг кучли зилзила бўлиб, қирғоқбўйидаги Ла-Гуайра штатида бутун бошли турар жой мавзелари вайрон бўлган.
Расмийлар тирик қолганларни қидириш ишларини якунлаганини билдирган. Бироқ яқинларидан дарак топа олмаган фуқаролар харобалар орасида уларни излашда давом этмоқда.
Шунингдек, 11 июль куни пойтахт Каракасда 3 магнитудали яна бир зилзила қайд этилиб, бинолардаги одамлар хавфсизлик мақсадида эвакуация қилинган.
Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Венесуэладаги гуманитар вазиятни енгиллаштириш учун 1,3 миллион кишига ёрдам кўрсатиш мақсадида қарийб 300 миллион АҚШ доллари ажратишга чақирган. Ташкилот ҳисоб-китобига кўра, уй-жой ва инфратузилмага етган зарар 37 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Венесуэла муваққат президенти Делси Родригес эса тикланиш ишларини молиялаштириш учун хорижда музлатилган давлат активларини қайтаришни таъкидламоқда. У Буюк Британия санкциялари туфайли музлатилган қарийб 30 тонна Венесуэла олтинини мамлакатга қайтариш бўйича Қирол Чарльз III’га мурожаат қилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэладаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 535 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) жамғармаси Венесуэладаги зилзила оқибатида жабрланганларга 1 миллион доллар миқдорида хайрия ажратишини маълум қилганди.
Live
AllQo'yliqda ham yong'in sodir bo'ldi
06 August