Венесуэла Россиянинг “Спутник V” вакцинасига харидор бўлди

Олам 2996
image

Россиянинг янги коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинасининг илк партияси Венесуэлага етказиб берилди. Бу ҳақда Боливария Республикаси вице-президенти Делси Родригес ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.

"Бу бизнинг ватанимиз учун тарихий воқеа ҳисобланади", дейилган вице-президент хабарида.

Венесуэла "Спутник V" вакцинасининг хорижий клиник синовларида иштирок этган Лотин Америкасидаги биринчи мамлакат бўлди. Бу ҳақда Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси Бош директори Кирилл Дмитриев маълумот берган. 

"Ҳозирда Беларусда "Спутник V" вакцинасининг клиник синовлари ўтказилмоқда. Шунингдек, бошқа қатор мамлакатларда, жумладан, Бразилия, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликларида синовлар ўтказилиши режалаштирилган. Ғарб вакциналари клиник синовларида тўсиқларга дуч келаётган бир пайтта, "Спутник V" дунёнинг кўплаб минтақалари, шу жумладан Лотин Америкасининг ҳам ишончини қозонмоқда. Вакцина Венесуэла аҳолисига коронавирусга қарши курашда ёрдам беради", деган Дмитриев.

Коронавирус пандемияси бошлангандан буён Венесуэлада 70 мингдан ортиқ касаллик юқтириш ҳолати кузатилган. 

Маълумот учун, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 34 миллиондан ошиб кетган. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 85
Рейтинг: 3
t
×