Венесуэла Россия ва Эрон маслаҳатчиларини чиқариб юбориши керак – АҚШ
Олам
−
08 Январь 5987 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати Венесуэла расмийларидан Россия, Куба, Хитой ва Эрондан келган маслаҳатчиларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 5 январь куни америкалик қонунчилар билан учрашувда сўз очди.
Манбаларга кўра, Рубио Венесуэланинг янги раҳбари Делси Родригесга бир қатор талаблар қўйган. Улар орасида ушбу тўрт давлатдан бўлган разведка ходимлари ва ҳарбийларни, маслаҳатчи сифатида ёки бошқа вазифаларда бўлишидан қатъи назар, мамлакатдан чиқариш талаби ҳам бор. Делси Родригес бу талабларга рози бўлган.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, ушбу давлатларнинг айрим дипломатларига Венесуэлада қолишга рухсат берилади. Бироқ хорижий ҳарбий маслаҳатчилар ва махсус хизматлар ходимларининг чиқариб юборилиши Венесуэла ҳукумати учун жуда сезиларли зарба бўлиши мумкин. Чунки кубалик маслаҳатчилар мамлакат хавфсизлик тузилмаларида муҳим роль ўйнаган. Хусусан, Николас Мадуронинг шахсий қўриқчилари орасида ҳам кубаликлар бўлган. Уларнинг 30 нафари Мадурони қўлга олиш бўйича операция вақтида ҳалок бўлган.
Шунингдек, Қўшма Штатлар Венесуэладан Америка компанияларининг мамлакат нефть саноатига сармоя киритиши учун қулай шароитлар яратишни кутмоқда. Венесуэла ҳукумати кўриши мумкин бўлган чоралар қаторида миллийлаштириш сиёсатини тўхтатиш ҳамда Уго Чавес ва Николас Мадуро даврида миллийлаштирилган мулклар учун АҚШ компанияларига компенсация тўлаш масаласи бор.
Марко Рубио қонунчиларга Венесуэлада сайловлар ўтказилиши ёки демократияни тиклаш имконияти хусусида бир оғиз ҳам сўз айтмаган.
Эслатиб ўтамиз, Венесуэла етакчиси Николас Мадуро ва унинг рафиқаси 3 январь куни Каракасда АҚШ махсус кучлари томонидан ўтказилган ҳарбий операция чоғида қўлга олинганди. Улар Нью-Йоркда гиёҳванд моддалар савдоси ва наркотерроризм айбловлари билан суд олдида жавоб беради.
Шундан сўнг Делси Родригес Венесуэланинг муваққат президенти сифатида қасамёд қилган. У аввал АҚШни танқид қилган бўлсада, кейинчалик Қўшма Штатлар билан ҳамкорликка тайёр эканини билдирган.
Live
Барчаси