Венесуэла мустамлака бўлишга розими? Янги Нобель лауреати босқинчиларни қўлламоқда
Таҳлил
−
18 Декабрь 2349 6 дақиқа
Бир муддат олдин Мария Корина Мачадо исмли венесуэлалик аёл дунёнинг энг қудратли давлати “ҳукмдоридан” тинчлик бўйича Нобель мукофотини “тортиб олган эди”. Бугун эса ўша “ҳукмдор” Венесуэлага ҳужум бошлаган, давлат уруш ёқасида.
Россия–Украина можароси фонида содир бўлаётган АҚШнинг Венесуэлага нисбатан қуролли босимлари оммавий ахборот воситаларида Путиннинг қилмишлари каби кенг ёритилмаётгандек гўё. Наркокортел ва кўплаб халқаро ҳамжамиятлар томонидан нолегитим, деб топилган амалдаги ҳокимиятга қарши курашиш баҳонасида бошланган ҳарбий ҳаракатлар тез орада қуруқликдаги классик қуролли тўқнашувлар кўринишига ўтишини ваъда қилаётган АҚШ Президентига унчалик ҳам дашном тошлари отилмаётгандек. “Халқ Мадуро диктатурасидан чарчаган”, деган важлар орқали жиноятларга “эзгулик” ниқоби кийдирилмоқда, аммо Россия ҳам Украинага бостириб киришидан илгари буни украин халқининг ўзи сўраётганини бот-бот такрорлаган эди.
Аслида ҳам АҚШнинг қудрати мана шунда, унинг тарғиботи бутун дунёга таъсир қилади. Сиёсий иммунитети бўлмаган инсонлар дунёни АҚШ қандай хоҳласа шундай кўради, гўёки АҚШ “дунёдаги энг идеал сиёсий тизим – демократиянинг ёювчиси”. Аммо демократия мақталганчалик идеал эмаслигини ҳам, АҚШ беминнат дўст эмаслигини ҳам кўпчилик англаб бўлган.
Венесуэла масаласида ҳам вазият деярли ўхшаш. Ғоявий тарқоқ халқнинг бир гуруҳи АҚШни қўллаб қувватласа, бошқа бир гуруҳи Мадуро ҳокимияти ва протекционизм сиёсати тарафдори. Америкапараст оқимнинг етакчиси Мария Мачадо эса шу йилнинг ноябрь ойида Трампни Нобелдан маҳрум қилган эди. Трамп унинг ватанига уруш бошлаш арафасида эса Мачадо “босқинчиларни” қўллаб қувватламоқда.
Мачадо ўзи ким?
Мариа Корина Мачадо Париска 1967 йил 7 октябрда Венесуэланинг Каракас шаҳрида зодагонлар оиласида дунёга келган. Мутахассислиги бўйича саноат муҳандиси бўлса-да, сиёсий жараёнларга қизиқиши ва фаол фуқаролик позицияси уни мамлакатдаги авторитар тизимга қарши курашишга чорлади. У Венесуэладаги нодемократик ҳаракатларни танқид қилиб, Уго Чавес ҳамда Николас Мадуро ҳукуматларига қарши мухолифатнинг етакчи намояндаларидан бири сифатида танилди.
%20copy(30).jpg)
Мачадо 2002 йилда “Сúмате”, яъни “Бирлаш” номли кўнгиллилардан иборат фуқаролар ташкилотига асос солди. “Сúмате” – бу нодавлат ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини эркин амалга оширишини таъминлаш ва жамоат манфаатига оид масалаларни муҳокама қилишни ривожлантириш. Ташкилотнинг миссияси – Венесуэла Конституцияси билан фуқароларга берилган сиёсий ҳуқуқларни рағбатлантириш, ҳимоя қилиш, қулайлаштириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мачадо 2011 йилдан 2014 йилгача Венесуэла Миллий Ассамблеяси депутати бўлиб хизмат қилган. У 2012 йилдан бери ўзи асос солган “Vente Venezuela” (Кел Венесуэла) сиёсий партиясининг Миллий координатори ҳисобланади. Фаолияти давомида у ҳатто Венесуэла президентлигига ҳам номзодини қўйди, аммо амалдаги маъмурият Мачадонинг халқ олдидаги обрўси туфайли сайловларда ғалаба қозонишидан қўрқиб, турли важлар билан уни давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқини чеклаб қўйди. Натижада у ўз ўрнини маслакдоши Эдмундо Гонсалесга топширишга мажбур бўлди.
Узоқ йиллик фидоий меҳнат, ўғир машаққатлар билан босиб ўтилаётган йўл ўз рағбатини топди, 2025 йил Тинчлик бўйича Нобель мукофоти Мачадога насиб этди. Аслида, бу мукофот нафақат унинг фидойи меҳнатини эътироф этади, балки кенг омма эътиборини Венесуэладаги адолатсиз тизим муаммоларига қаратади.
Венесуэлада аҳвол қандай?
Дунёнинг таҳминан 18 фоиз нефтига эгалик қиладиган, бензиннинг нархи оддий сув нархидан ҳам арзонроқ бўлган ушбу давлат бугун турли баҳоналар билан АҚШнинг қош-қовоғидан қўрқиб, ўзининг улкан энергетик салоҳиятидан тўлақонли фойдалана олмаёяпти, оғир иқтисодий санкциялар ва ички инқирозлар гирдобида қолмоқда. Ғарбий яримшарнинг “назоратчиси” таъсиридан қочиш ва Россияга яқинлашиш илинжида бошланган ишлар Венесуэла ва АҚШ ўртасидаги дўстлик риштараларини узилишига олиб келди. Илгари кўзга кўринмайдиган ёки кўринса ҳам кўрмасликка олинадиган наркокортел муаммоси бирдан АҚШнинг “товонига кирган зирапча” мисоли жиғига тега бошлади. АҚШни қўлламай қўйган маъмурият эса авторитар, золим деб топилди. Қисқа қилиб айтганда, “уруш қидирсанг, сабаб топилади”.
Аслида, Вашингтон илгари сураётган муаммолар сафсата эмас. Гиёҳванд моддалар савдоси устига қурилган “тадбиркорлар кланлари” ҳақиқатан ҳам Лотин Америкаси мамлакатлари учун доимий муаммо. Николас Мадуронинг “курсига” боғланиб қолгани ҳам ёлғон эмас, аммо АҚШнинг бу адолатсизликларга қарши кураши ортида Венесуэлани ўзинг “қўғирчоқ” раҳбари қўлига топшириб, мамлакатнинг қимматбаҳо фойдали қазиламларидан ўзи истаганча фойдаланиш мақсади ётибди.
.jpg)
Аввалига сув йўлларини назорати остига олган АҚШ 29 ноябрь куни Венесуэла осмонини ҳам ёпиқ деб эълон қилди. Деярли ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмаган Мадуро ҳокимияти АҚШ талабларини қондиришга мажбур бўлмоқда. Трамп дастлаб Мадуродан истеъфога чиқишни талаб қилди. Интернетга сиздирилган маълумотларга кўра, Мадуро 18 ойдан кейин истеъфога чиқишини эълон қилган, аммо Оқ уй учун бу жудо узоқ муддат.
“The Telegraph” нашри маълумотларига кўра, Венесуэла Президенти Николас Мадуро жорий йилнинг 21 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампдан 200 миллион доллар шахсий активларини сақлаб қолиш, иттифоқчилари учун амнистия беришни ва дўст мамлакатдан бошпана сўраган. Бироқ Трамп ҳокимияти бу шартларга ҳам кўнгиси йўқ.
Мамалакатдаги оппозиция раҳбари Мария Мачадо ҳам ушбу вазиятда катта таъсирга эга. Гарчи у ва унинг сафдошлари Трампнинг асл мақсадини англаб турса-да, АҚШнинг аралашувини амалдаги ҳокимиятни қулатишнинг ягона йўли сифатида кўрмоқда.
"Қаранг, баъзи одамлар Венесуэлага бостириб кирилиши хавфи ҳақида гапиришади ва мен уларга Венесуэлага аллақачон босқин қилинган деб жавоб бераман”, дейди Мачадо Ослодаги нутқида.
Бу сўзларига изоҳ берар экан, Мачадо Венесуэлада Россия ва Эрон агентлари “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС каби гуруҳ вакиллари эркин фаолият юритиб келаётганини, Колумбия партизанлари маҳаллий аҳолининг 60 фоизидан ҳам кўплигини айтиб ўтади. У Американинг Венесуэлага нисбатан “жиноят маркази” сифатида қарашига ҳам айнан колумбияликлар айбдор, деб ҳисоблайди.
“Бизда Колумбия партизанлари аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғини ташкил қилади, шунингдек, нафақат гиёҳванд моддалар савдоси, балки фоҳишалик тармоқларида одам савдоси билан ҳам шуғулланган гиёҳванд картеллар бор. Бу Венесуэлани Американинг жиноий марказига айлантирди", дейди венесуэлалик фаол.
Мария Мачадо – бу чинакам венесуэлаликларнинг овози, кайфияти ифодачиси. У мазлумнинг зулмидан чарчаган, унга қарши курашиб толган, энди у бу зулматдан қутилиш учун ватанини бегона қўлларга ишониб топширишга тайёр. (Ёки бу ҳам АҚШнинг 58 ёшли гўзал лойиҳаси холос.)
Live
Барчаси