Вазият жиддий. Шодмонов коронавирусга қарши чораларни кучайтириш бўйича йиғилиш ўтказди
Жамият
−
01 Февраль 2020
10637Айни пайтда дунёда коронавирус инфекциясини худудларга тарқалиши, ундан касалланиш ва вафот этаётганлар кўрсаткичи жиҳатидан жиддий босқичга кўтарилмоқда. Хабарингиз бор, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан Хитойда янги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро даражадаги фавқулодда вазият деб эълон қилинди. Бундан бир муддат олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссиясининг йиғилиши ўтказилган бўлса, шу йилнинг 29 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора- тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида” ги Фармойиши қабул қилинди.
Бугун, 1 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида айни масалада ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда видеоселектор йиғилишини ўтказилди. Уни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов олиб борди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан узлуксиз ишлаётгани, ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Бу борада қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, барча тегишли вазирлик ва идораларга ижро учун юборилди. Туну кун фаолият кўрсатувчи махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Касалликка гумон қилинган фуқароларни ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилмоқда.
Мамлакатда Давлат чегараларининг кесишиш жойларида 52 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Давлат чегара постларидан ўтаётган фуқаролар тиббий назорат кўригидан ўтказилмоқда, шунингдек, тепловизор ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати масофадан туриб ўлчанмоқда ва умумий ҳолати текширилмоқда.
Аммо ушбу чора-тадбирлар хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди дегани эмас, дея қайд этилди видеоселекторда. Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликни клиник белгилари 14 кунгача яширин кечиши хотиржам бўлишга сабаб бўлмаслигига эътибор қаратилди. Қолаверса, бугунгача 20 га яқин тиббиёти ривожланган мамлакатда бу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди.
Шу боис ҳам, бўлиб ўтган видеоселекторда айни пайтга қадар Ўзбекистонда бундай касалликка чалиниш ҳолати умуман кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини янада кучайтириш борасида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, хориждан, айниқса, Хитойдан келаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг руйхатини шакллантириш, касалликнинг яширин даври давомида тиббий назоратга олиш, заҳира ўринларини тайёрлаш, дори-дармон, дизенфекция воситалари ва зарур тиббий анжомлар билан таъминлаш устидан назоратни янада кучайтириш, касалликка қарши курашишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликдаги фаолиятни кучайтириш каби қатор вазифалар кўрсатиб ўтилди.