Вазирлик ўз баёнотини рад этди: пиёда юрганларга пул бериш тўхтатилмаган

Жамият 6492
image

Аввалроқ, Ўзбекистонда энг кўп пиёда юрганларга пул тўлаб бериш тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик. Бунга Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизматининг маълумоти сабаб бўлганди.

Бироқ, вазирлик аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” платформаси 1hls.uz мобил иловаси бўйича қўшимча маълумот бериб, унинг фаолияти тўхтатилмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирлик томонидан пиёда юрганларга пул тўлаш бекор қилингани тўғрисидаги хабар ахборот хизмати ходими томонидан берилган асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бўлган. Шу боис, аҳоли орасида бу борада тушунмовчилик пайдо бўлган.

Хабарда таъкидланишича, ушбу платформа Ўзбекистон Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Соғлом турмуш тарзи" платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ йўлга қўйилган.

Маълум қилинишича, мазкур платформа бўйича жорий йилнинг 10 июнидан 13 сентябрига қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган.

Шу билан бирга, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга - 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга - 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп пиёда  юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн сўм маблағ фойдаланувчиларнинг электрон ҳамёнига ўтказиб берилди. Жорий йилнинг июн-август ойлари давомида эса жами 206,7 млн сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 366
Рейтинг: 3
Теглар
t
×