Вазирлик учун “кураш”. Кимнинг қўли ё билими баланд келади?
Жамият
−
29 Декабрь 2022
19494Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатда йиирик маъмурий ислоҳотлар бошланди. Унга кўра, давлат бошқаруви органларининг ходимлари 30-35% гача, ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқаради.
Хўш, бу ихчамлаштириш қай даражада адолатли бўлади? Бунда фақат қуйи поғонадаги ходимлар қисқартирилиб, вазирлар ўз лавозимига яқин лавозимларга ўтиб қолмайдими?
Айтайлик, вазирликларнинг қўшиб юборилиши ортидан вазирлар, вазир ўринбосарлари ўртасида ўзига хос рақобат юзага келади.
Масалан:
• Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков;
• Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ва Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин;
• Уй-жой коммунал хизўмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ва Қурилиш вазири Ботир Зокиров;
• Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ва Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида вазирлик учун “кураш” юзага келмайдими?
Қолаверса, уларнинг бир неча нафардан ўринбосарлари ҳам бор.
Айни вақтда юқорида номлари саналган 6 вазирлик бирлашиши кутилмоқда. Хўш, ушбу вазирликлар бирлашадиган бўлса, қайси вазир кетиб, қайсиниси қолади?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матуот анжуманида QALAMPIR.UZ ушбу савол билан мутасаддиларга юзланди.
“У вазир бўладими, вазир ўринбосари ёки бошқарма бошлиғи – фарқи йўқ. Агар тизимга мос келмайдиган лавозим бўлса, у қисқартирилади ва уларга 2 ой олдин огоҳлантириш хати берилади.
1 январдан бошлаб бўшатиб юборади, деб ўйламанг. Бизга бир неча ой вақт берилган. Мана шу вақт оралиғида биз қонун асосида бўшатадиганимизни бўшатамиз, ишсиз қолганларни бошқа ишга жойлаштирамиз. Лекин, ҳеч кимни ёппасига ишдан ҳайдаб юбормаймиз. Ҳаммаси Меҳнат кодекси доирасида бўлади”, дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов.
Шунингдек, у Ўзбекистонда бир вазирлик иккинчи вазирликка ҳеч қачон рақобатда бўлмаганини урғулаб, аксинча, бирга маслаҳатлашиб, катта-катта ҳукумат қарорларини тайёрлаганини таъкидлади.
“Бу дегани, ким, қачон, қайси лавозимни эгаллагани эмас, “ким қачон нимани ижро этади ва нимага масъул бўлади, унинг жавобгарлиги нимадан иборат?” деган маънода штат структураси тузилади”, дейди у.
Умурзоқовнинг гапларини Адлия вазири Акбар Тошқулов шундай деди:
“Рақобат бўлгани халқимизга яхши. Энг яхшиси муовин бўлиши мумкин ёки агентликка раҳбар бўлади. Битта жойда ҳеч қачон иккита вазир бўлмайди. Бу ерда меҳнат қонунчилигига тўлиқ риоя этилади. 2 ой олдин огоҳлантириш, ёки конпенсация бериш масаласи қонун доирасида кўриб чиқилади. Бу бўйича иш олиб боришнинг механизмлари ишлаб чиқилган”.
Шунингдек, у QALAMPIR.UZ журналистининг маъмурий ислоҳотлар доирасидаги қисқартиришлар фақат қуйи поғонадаги органларда эмас, балки юқори давлат органларида ҳам амалга оширилиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволига Тошқулов қуйидагича жавоб берди:
“Вазирлик ва бошқармаларнинг функционал вазифалари бор. Аввало ўша функционал вазифаларни нечта ходим бажара олиши ҳақида меъёрлар ишлаб чиқилади. Ундан кейингина вазифани бажаришдаги ортиқча ходимлар қисқаради. Бу ҳамма вазирликлар бир хил 30-35 %га қисқаради дегани эмас. Баъзи вазирликнинг функционал вазифалари кўп бўлса, [ортиқча ишчилари бўлмаса, камроқ қисқаради] Мақсад – ишга ҳалақит қилмаслик, ишни бажариш. Бунинг учун етарли миқдорда кадрлар билан таъминланиши керак. Агар шу жойда ортиқча кадр пайдо бўладиган бўлса, бошқа соҳага йўналтирамиз”.
У фикрини давом эттирар экан, Вазирлар Маҳкамасининг 2,5 бараварга қисқартирилганини қўшимча қилди.
“Агар мақсад фақат пастдагини қисқартириш бўлганда, Вазирлар Маҳкамасини 2,5 бараварга қисқартирмас эдик. 269 тадан 120 тага туширилди. Бу жуда катта оптималлаштириш. Шунинг учун асосий мақсад пастдаги идораларни қисқартиришми, деган фикрингиз хато”, дея таъкидлади Адлия вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 январдан 9 та агентлик тугатилиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси