Вазир “свет” кўп ўчаётганининг сабабини айтди
Жамият
−
11 Сентябрь 2023
13581Бугунги кунда Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар ва етказиб бериш сифатининг ёмонлашишига трансформаторларнинг юқори даражада эскиргани ҳамда узоқ йиллардан буён таъмирланмаётгани сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Республикада 238,6 минг километр кучланишли тармоқларнинг 37,6 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатиб келинмоқда. Уларнинг техник имкониятларидан келиб чиқилса, ҳар қандай ускуна 15 йилда, ҳеч бўлмаганда 25 йилда капитал таъмирланиши лозим. Бироқ тармоқларнинг 29,4 фоизи 25 йилдан, 33 фоизи 10 йилдан буён таъмирланмаган.
“Электр энергиясини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016-2022 йиллар давомида ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробарга ошиб, йиллик ишлаб чиқариш 72 млрда кВ-соатга йетган. Бу йил айни шу кўрсаткични 80 млрд кВ га етказиш ниятимиз бор. Бугунгача аҳоли учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми 1,5 бараварга ошиб – 11 млрд кВ-соатдан, 16 млрдга етди. Йилдан-йилга аҳоли сони ва ялпи ички маҳсулот нархи ошиб бормоқда. Жумладан, саноат 4,4 баробарга ошган”, дейди Энергетика вазири.
Унга кўра, электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича 2016-2019 йилларда ижобий ишлар қилинган. Бу йилларда электр энергияси тарифи ошиб борган ва тармоқлар модернизация қилинган ва давлатдан субсидия олинмаган. 2020-2023 йилларда эса тариф оширилмаган, шу боис корхоналар оғир молиявий аҳволга келиб қолган.
“Электр таъминотидаги узилишлар, сифатнинг ёмонлашишига эса тақсимловчи тармоқлар – трансформаторларнинг юқори даражада эскиргани сабаб бўлмоқда. Агар биз янги 110 кВ ли линияларни қуриб “нагрузка” қилмасак, юклама ортиши оқибатида қишда яна аҳвол оғир бўлиши мумкин. Биргина Андижон вилоятидаги трансформаторни янгилаш, линияларни модернизация қилиш учун 363 млрд сўм маблағ керак. Бозор иқтисодиётини яратмасак, тарифларни либераллаштирмасак бу соҳага инвестиция келмайди, модернизация бўлмайди ва охир оқибат истеъмолчилар жабр кўради”, дейди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда энергетикадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун электр ва газ нархини эркинлаштириш режалаштирилаётгани айтилганди. Бу бўйича ҳукуматнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь