Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларга 18 ёшгача пул тўланади
Жамият
−
28 Июль 2021
5518Ногиронлиги бўлган болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга, уларни парвариши даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июль куни ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселекторда айтиб ўтди.
Йиғилишда васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларга 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетдан 1,2 миллион сўм, ногиронлиги бўлганларга эса республика бюджетидан 2,5 миллион сўм тўланади.
Шунингдек, меҳрга ташна болаларни оила бағрида тарбиялаш бўйича кенг кўламли қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
“Бугунги кунда “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчиларининг 309 нафари чин етимлар, қолган 1 минг 514 нафари ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечгган болалар ҳисобланади.
Ваҳоланки, бундай оилаларга ёрдам бериб, Меҳрибонлик уйларидаги 70 фоиз болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш мумкин”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, 79 минг нафар ота-она меҳридан маҳрум, шундан 5 минг 700 нафар чин етим болалар васийлик ва ҳомийлик органларида рўйхатда туради, 35 минг нафари фарзандликка олинган.
Лекин, бундай болаларни ҳолидан хабар олиш, улар билан алоҳида шуғулланиш туман (шаҳар)лардаги Халқ таълими бўлимларининг 1 нафар ходимига юклатилган.
Шу боис, ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимлигида Васийлик, ҳомийлик ва патронат ишлари бўлими ташкил этилади ҳамда уларга 4 нафардан штат ажратилиши бўйича кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилади ва улар васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар аҳволи, уларнинг оилавий шароитидан ҳафталик хабар оладиган тизим яратилади.