Вашингтондаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган 20 га яқин киши дарёдан олиб чиқилди
Олам
−
30 Январь
4401АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Рональд Рейган аэропортида American Airlines авиакомпанияси самолёти ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасади дарёдан олиб чиқилмоқда. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Самолёт бортида 60 йўловчи ва тўрт экипаж аъзоси, вертолётда уч ҳарбий хизматчи бўлган. Иккала томон ҳам Потомак дарёсига тушиб кетганди. Воқеа жойида ишлаётган полиция ходимининг сўзларига кўра, 18 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади сувдан чиқариб олинган. Топилганлардан ҳеч бири тирик ҳолатда бўлмаган. Айрим манбалар қурбонлар сони 19 киши эканини ёзмоқда. Авиаҳалокат иштирокчилари сонининг кўплигини инобатга олсак, табиийки бу сон кўпайиши мумкин.
АҚШ Президенти Дональд Трамп авиаҳалокатга муносабат билдирди ва ҳарбий вертолёт экипажи ва диспетчерларни танқид қилди.
“Самолёт аэропортга одатий йўналишда қўнишга кираётган эди. Вертолёт узоқ вақт тўғри самолёт томон учиб келди. Тун тиниқ, самолётнинг чироқлари ёрқин ёниб турибди, лекин нега вертолёт юқорига кўтарилмади ёки пастга тушмади, ё бўлмаса бурилмади? Нега диспетчерлик минораси вертолётдан самолётни кўриш-кўрмаслигини сўраш ўрнига нима қилиш кераклигини айтмади? Буни олдини олиш мумкин эди, ёмон вазият. Жуда ёмон!!!”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида.
Авиаҳалокатдан сўнг аэропорт маҳаллий вақт билан соат 11:00 гача (Тошкент вақти билан 21:00) ёпилди. Ҳудудда қутқарув, соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар иш олиб бормоқда.
CNN маълумотларига кўра, Потомак дарёсидаги сув ҳарорати ҳозирда Цельсий бўйича тахминан 1,6 даражани ташкил қилмоқда. Бундай совуқ сувда бўлиш уч дақиқа ичида оёқ-қўлларнинг ҳаракатчанлигини йўқотишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда сувдаги одамнинг омон қолиш имконияти 30 дақиқадан 1,5 соатгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Bombardier CRJ700 йўловчи самолёти қўниш вақтида Sikorsky H-60 (Black Hawk) ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб, Потомак дарёсига қулаб тушгани хабар қилинганди. АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармасига кўра, Bombardier CRJ700 йўловчи самолёти Канзас штатидаги Уичито шаҳридан Вашингтонга мунтазам рейсни амалга ошираётган бўлган. Кузатув камерасидан олинган видеода паст парвоз қилаётган самолётнинг Рональд Рейган номидаги аэропортга қўнишга уринаётгани, бошқа ҳаво кемаси билан тўқнашуви ва шундан сўнг портлаш юз бергани акс этган. Иккинчи ҳаво кемаси ҳарбий Sikorsky H-60 вертолёти бўлган. “Reuters” вертолёт бортида уч нафар ҳарбий бўлганини хабар қилмоқда. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
LiveБарчаси