Вальверде Тчуамени билан уришганини рад этди

Спорт

image

“Реал Мадрид” ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде жамоадоши Орельен Тчуамени билан муштлашгани ҳақидаги хабарларни инкор этди. Бу ҳақда Вальверде ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Аввалроқ, оммавий ахборот воситаларида икки футболчи жамоанинг машғулот базасида тортишиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумотларга кўра, можаро кеча, 7 май куни ҳам давом этган ва вазиятга бошқа футболчилар аралашишга мажбур бўлган. Шунингдек, “Реал Мадрид” Вальверденинг бошидан жароҳат олгани сабабли у жорий йилнинг 10 май куни “Барселона”га қарши ўйинда майдонга туша олмаслигини маълум қилган.

Вальверде эса, ижтимоий тармоқлар орқали вазиятга муносабат билдирди.

“Кеча машғулот вақтида жамоадошим билан тортишиб қолдим. Бугун эса, яна бир тушунмовчилик юз берди. Жанжал пайтида тасодифан столга урилиб кетдим ва пешонамдан енгил жароҳат олдим. Шу сабабли, шифохонага мурожаат қилишимга тўғри келди. Жамоадошим мени урмади, мен ҳам уни урмадим. Одамларга бошқача кўриниши мумкин, аммо бу атайлаб қилинган иш эмас эди”, деди уругвайлик футболчи.

Вальверденинг айтишича, жамоанинг Чемпионлар лигасидан чиқиб кетгани ва мавсумнинг оғир ўтаётгани футболчиларга руҳий босим бўлган.

“Мен мавсум охиригача бу ҳақида гапирмоқчи эмасдим. Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганимиздан кейин ичимдаги ғазабни сақлаб юргандим. Бу вазият туфайли кейинги ўйинда жамоамга ёрдам бера олмаслигим мени ҳаммадан кўпроқ қийнамоқда. Мен ҳар доим майдонда бор кучим билан ўйнаганман ва ҳозир буни қила олмаётганимдан жуда хафаман. Клуб ва жамоадошларим билан керак бўлса ҳар қандай масалада ҳамкорлик қилишга тайёрман”, деди Вальверде.

Маълумот учун, 27 ёшли Федерико Вальверде 2018 йилдан бери “Реал Мадрид” сафида ўйнаб келмоқда. У мадридликлар билан уч марта Ла Лига чемпионлигини, икки марта Чемпионлар лигаси бош совринини, бир марта Қирол кубогини ва икки бор UEFA Суперкубогини қўлга киритган.

“Реал Мадрид” эса, Ла Лига навбатдаги турида сафарда “Барселона”га қарши майдонга тушади. Агар ушбу ўйинда мадридликлар очко йўқотса, каталонияликлар муддатидан олдин Испания чемпионлигини расмийлаштиради.


Мақола муаллифи

Теглар

“Реал Мадрид” Федерико Вальверде Орельен Тчуамени

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг