Вакцинация жараёнларига хусусий сектор жалб қилинадими?
Жамият
−
28 Апрель 2021
2456Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина хусусий сектор томонидан пуллик тарзда қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков изоҳ берди.
“Хусусий иммунопрофилактика муассасалар (вакцинация марказлари) томонидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига рухсат берилган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинаётганини унутмаслик керак. Ушбу вакциналар билан аҳолининг хавф ости гуруҳига кирувчи қатламлари эмланмоқда”, дейди Отабеков.
Унинг таъкидлашича, хусусий иммунапрофилактик муассасалар ҳам ўзлари коронавирусга қарши вакцинани олиб келиб, эмлаш жараёнларини амалга оширишлари мумкин. Аммо ҳозирча бирор бир хусусий вакцинация марказида бундай амалиётлар ўтказилмаяпти.
“Қайд этиш лозимки, кейинчалик мамлакатимизга олиб келинаётган вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётган чоғда хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинса (бугунги кунда вакциналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қуввати эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти), уни юртимизга етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот, шу жумладан, “Дори-дармон” АК томонидан ҳам хусусий секторга йўналтирилиши мумкин”, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари.
Унга кўра, ҳозирча фақат давлат муассасаларида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга “Спутник V” вакцинасининг навбатдаги партияси олиб келинган эди. Шунингдек, AstraZeneca вакцинасининг ҳам янги патриясини келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шундан сўнг, мамлакатга 1 млн доза ўзбек-хитой вакцинаси олиб келинди.
LiveБарчаси