Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини кимлар 100 фоиз олади?
Жамият
−
06 Декабрь 2020
9069Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади. Фақат ҳаммага ҳам эмас.
Ишлаётган 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахслар, қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимлар, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимлар, шунингдек, Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимлар мазкур нафақани юз фоиз олиши мумкин.
Бундан ташқари, меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга ҳам ишсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.
Шунингдек, Президентнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.