“Вагнер” ёлланма аскарлар гуруҳи Путиннинг хусусий қўшинига айланган – ОАВ

Олам 12953
image
-

Ёлланма аскарлардан ташкил топган “Вагнер” гуруҳи Россия Президенти Владимир Путиннинг “хусусий армияси” га айланди. Бу ҳақда Британиянинг “Telegraph” газетаси ёзмоқда.

Нашрга кўра, АҚШнинг махфийлаштирилмаган сунъий йўлдошидан олинган расмларда Россиянинг Ливиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарларига танклар ва самолётларни қандай етказиб бераётгани акс этган.

“Ливияда “Вагнер” гуруҳининг ёлланма аскарлари Россиянинг доимий армияси хизматида бўлган ускуналардан фойдаланмоқда”, деб ёзади нашр.

Американинг айғоқчи сунъий йўлдошлари томонидан олинган тасвирларга кўра, Ливияда Россиянинг SA-22 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, Ил-76 ҳарбий юк самолётлари ва миналарга қарши зирҳли транспорт воситалари фойдаланилмоқда.

Declassified satellite images of Al Khadim airbase in Libya, showing regular Russian military equipment being used by the Wagner Group

Мақолада “Вагнер” ёлланма аскарларининг Ливиядан ташқари, Сурия ва Африканинг Саҳрои Кабир чўлидан жануб томон чўзилган давлатларида ҳам фаол экани қайд этилган. Қуролли ёрдам учун мукофот сифатида ёлланма аскарларга энергия манбалари, олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилгани алоҳида қайд этилган.

Халқаро хавфсизлик масалалари бўйича экспертлар “Вагнер” заиф ёки ноқонуний режимларни қўллаб-қувватлаш орқали Россиянинг ҳарбий қудратини кенгайтирмоқда, деб ҳисоблайди. 

Буюк Британиянинг Мудофаа вазири Бен Уоллесга кўра, “Путиннинг ошпази” номи билан танилган Евгений Викторович Пригожин бошчилигидаги “Вагнер” ёлланма аскарлари “замонавий уруш қанчалик тез ўзгариб бораётганини” исботлаган.

Фото: Россия Президенти Владимир Путин ва тадбиркор Евгений Викторович Пригожин

Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу ёвуз ҳарбийлаштирилган тузилма Ғарб қуролли кучлари учун жиддий муаммо туғдирмоқда.

“Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари ёлланма аскарларга қарши туришга тайёр бўлиши керак, уларнинг зарарли оқибатлари учун жанговар тайёргарликни ошириш керак”, дейди Уоллес.

Эслатиб ўтамиз, “Вагнер” гуруҳига раҳбарлик қилиши айтилаётган “Путиннинг ошпази” жорий йилнинг март ойида Россия Тергов қўмитасига “америкаликлардан таркиб топган уюшган жиноий гуруҳ уни ўғирлашга уриниши” тўғрисида баёнот билан мурожаат қилган.

Маълумот ўрнида, “Вагнер” каби хусусий ҳарбий компанияларнинг анъанавий қуролли кучлардан устунлик томони шундан иборатки, улар ёлланма қотил каби пул ёки бошқа келишув эвазига ҳар қандай ҳудудда ҳарбий вазифани амалга оширади. Шу билан биргаликда, буюртмачи давлат номи сир қолади. 

Бундан ташқари, хусусий ҳарбий компания аскарларидан бирор киши ҳарбий ҳаракатлар вақтида ҳалок бўлса, бу ҳеч қаерда рўйхатга олинмайди. Анъанавий қуролли кучлардаги аскарнинг ўлими каби маҳаллий аҳоли орасида ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотмайди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 578
Рейтинг: 2.9
t
×