Путиннинг “ошпази“ ўзини жиноий тўда ўғирлаб кетишидан хавотирда

Олам 12563
image
-

Россия Президенти Владимир Путинга яқин бўлган тадбиркор Евгений Пригожин Тергов қўмитасига “америкаликлардан таркиб топган уюшган жиноий гуруҳ уни ўғирлашга уриниши” тўғрисида баёнот билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Пригожинга тегишли бўлган “Конкорд” компанияси Матбуот хизмати хабар берди.

Ариза шикояти Пригожин тўғрисида маълумот учун АҚШ Федерал қидирув бюроси томонидан 250 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти эълон қилиниши билан боғланган. ФҚБ томонидан Пригожин АҚШга қарши фирибгарликлар уюштиришда, унинг ички сиёсатига аралашишда ва 2016 йилги президентлик сайловига таъсир ўтказишда гумон қилиниб, қидирувга берилганди.

Аризада қайд этилишича, АҚШ ҳукумати Пригожин учун мукофот эълон қилган ҳолда, уни ўғирлаш ва тўқиб чиқарилган баҳона билан  ноқонуний озодликдан маҳрум қилишни кўзламоқда.

“Мен Россия Федерацияси ҳудудида ҳам, чет эл давлати, шу жумладан Қўшма Штатлар ҳудудида ҳам ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни таъкидлайман. АҚШ томонидан мени таъқиб қилиш сиёсий сабабларга кўра содир этилмоқда чунки мен Россия Федерациясининг фуқаросиман ва АҚШ сиёсатига мос келмайдиган фикримни фаол равишда билдираман”, деб ёзган у.

Пригожин Россия Тергов қўмитасидан АҚШ Президенти Жо Байден, Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рей, Марказий разведка бошқармаси директори Вилям Бёрнс ва Адлия вазири Меррик Гарландга қарши одам ўғирлашга тайёргарлик бўйича жиноий иш қўзғатилишини талаб қилган.

Маълумот ўрнида, 2018 йил февраль ойида АҚШ округ суди Евгений Пригожинни ҳибсга олишга ордер берди. Шундан сўнг, у Интерполнинг қидирув базасига тушган. Федерал қидирув бюроси ҳам 2021 йил 26 февралда Пригожинни қидирувга берган.

Пригожиннинг ўзи қидирув тўғрисидаги хабарларни ФҚБнинг обрў орттиришга ҳамда жамиятдаги чуқур муаммоларни яширишга уриниши ва шу сабабли “жодугарлар ови”ни уюштирмоқда, деб атаган. 

Пригожин бунга жавобан британиялик тадбиркор ва Владимир Путиннинг танқидчиси Михаил Ходорковскийни “қўлга олиш” учун 500 минг доллар таклиф қилган.

Маълумот ўрнида, Евгений Пригожин Президент Владимир Путинга яқин бўлган петербурглик ишбилармон. У кўп йиллар давомида Путин номи билан боғлиқ тадбирларни уюштиришдан тортиб, дастурхон таомномасигача ўзи тузган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 310
Рейтинг: 3
t
×