Вьетнамнинг энг бой аёлларидан бири фирибгарлик учун ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
12 Апрель
12891Вьетнамнинг энг бадавлат аёлларидан бири, Van Thinh Phat компаниясининг 67 ёшли раҳбари Чионг Ми Лан мамлакатдаги энг йирик банклардан бирини талон-тарож қилгани учун суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Айбловга кўра, Чионг Ми Лан Saigon Commercial Bank’дан пул ўтказиш учун сохта кредит аризаларидан фойдаланган. Полициянинг таъкидлашича, барча SCB облигациялари эгалари – тахминан 42 минг киши фирибгарлик қурбони бўлишган.
Лан ва SCB ходимларининг Вьетнам расмийларига қонунбузарликлар ва банкнинг ёмон молиявий аҳволини яшириш учун берган 5,2 миллион доллар пора ҳам мамлакат тарихидаги энг йирик пора бўлгани хабар қилинган.
Суд Чионг Ми Ланни банкдан тахминан 12,5 миллиард доллар миқдорида кредит олганликда айбдор деб топди. Бироқ унинг ҳаракатларидан кўрилган жами зарар 27 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шунингдек, Чионг ўз ходимларини бошқарувчи қилиб тайинлаш ва ўзи назорат қилган қобиқ компаниялари тармоғи учун юзлаб кредитларни тасдиқлаш орқали ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланган. Прокурорларга кўра, 2019 йилнинг февраль ойидан бошлаб уч йил давомида у ҳайдовчисига банкдан 108 триллион донг (4 миллиард доллардан ортиқ) нақд пул олиб, ертўлада сақлашни буюрган.
Айбланувчи ўз айбини тан олмади.
Вьетнам қонунчилиги шахснинг ҳар қандай банкнинг 5 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилишни тақиқлайди. Аммо прокурорларнинг таъкидлашича, юзлаб ширкатлар ва ишончли шахслар орқали Чионг Ми Лан SCB акцияларининг 90 фоиздан ортиғини самарали назорат қилган.
Вьетнам матбуотига кўра, кўрсатма бериш учун 2700 киши чақирилган, ишда 10 нафар давлат прокурори ва 200 га яқин адвокат иштирок этган. Айблов материаллари умумий оғирлиги 6 тонна бўлган 104 қутига тўғри келади. Чионг Ми Лан билан бирга судга яна 85 киши, жумладан унинг эри ҳам келди.
5 март куни бошланган ва муддатидан олдин якунланган суд жараёни порахўрликка қарши кураш кампаниясининг бир қисми бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь