Вьетнамнинг энг бой аёли қатл этилиши мумкин
Олам
−
03 Декабрь
7361Ўзининг иқтисодий жиноятлари туфайли судланган Вьетнамнинг энг бадавлат аёлларидан бири Чионг Ми Лан апелляция жараёнида мағлуб бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Унга кўра, агар у 9 миллиард доллар тўламаса, ўлим жазосига тортилиши мумкин. Бу сумма унинг фирибгарлик орқали қўлга киритган маблағининг 75 фоизига тенг.
Маълум қилинишича, 68 ёшли Чионг Ми Лан 2011-2022 йиллар давомида Sai Gon Joint Stock Commercial Bank'дан 304 триллион донг (тахминан 12,5 миллиард доллар) миқдорида кредитлар олган. Бу Вьетнамнинг 2022 йилги ялпи ички маҳсулотининг деярли 3 фоизини ташкил этади. Унинг жиноятлари натижасида умумий зарар 27 миллиард доллар деб баҳоланган.
Вьетнам қонунларига кўра, агар иқтисодий жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилинган шахслар ўғирланган маблағнинг 75 фоизини қайтариб берса, уларнинг ҳаёти сақланиб қолиши мумкин. Шундай қилиб, Чионг Ми Лан 9 миллиард доллар тўлашга мажбур. Унинг ҳимоячилари апелляцияда унга нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланишини сўради, чунки ўлим жазоси мавжуд бўлганда, керакли миқдорни йиғиш анча қийинлашади.
Суднинг қароридан кейин Чионг Ми Лан президентдан амнистия сўраш имкониятига эга. Суд қарорининг қачон амалга оширилиши эса номаълум, чунки Вьетнамда ўлим жазоси махфий ҳисобланади. Одатда ҳукм билан ўлим жазосининг ижроси ўртасида бир неча йил ўтади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ дунёдаги энг йирик банклардан бири – Bank of China собиқ бошқаруви раиси ва партия қўмитаси котиби Лю Ляньгэ порахўрликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Хитой Олий халқ прокуратурасига кўра, Лю 121 миллион юанга (16,8 миллион доллар) тенг пора олган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь