Вьетнамда вирус авж оляпти. Данангнинг барча аҳолисидан тест олинади

Олам 6677
image

Вьетнамда коронавируснинг янги ўчоғига айланаётган Дананг шаҳрида барча тестдан ўтказиладиган бўлди. Ўтган ҳафтадан бу ерда одамлар орасида коронавирус аниқлана бошлаганди.

“Reuters” нинг хабар беришича, умумий ҳисобда 1,1 млн киши коронавирусга текширилади. 

Таъкидланишича, мамлакатда 1 августда 40 та янги касалланиш ҳолати аниқланган. Бундан 26 та ҳолат Данангда қайд этилган. Умумий ҳисобда касалланганлар сони 586 нафарга етган ва пандемия бошидан 3 киши вафот этган.

Коронавирус авж олиши сабабли Вьетнамнинг йирик шаҳарларида оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқлаб қўйилди, барлар, тунги клублар ва кўнгилочар масканлар ёпилди. Бунгача мамлакат коронавирусдан энг кам зарар кўрган давлатлар қаторида турганди.

Мамлакатда коронавирусни текшириш учун иккита тест тўплами – VinKit SARS-CoV-2 RT-PCR 1.0 ва VinKit SARS-CoV-2 Multiplex RT-PCR тайёрланган. Таъкидланишича, ушбу тестлар ЖССТ тавсия қиладиган таҳлиллар каби юқори сифатга эга.

Эслатиб ўтамиз, Данангдаги учта шифохонада коронавируснинг янги штамми аниқланганди. Натижада карантин чоралари кучайтирилиб, мазкур шифохоналар карантинга ёпилганди. Маҳаллий мутахассислар коронавируснинг янги штаммини аввалгиларидан хавфлироқ эканини айтганди, бироқ ЖССТ бу фикрларни инкор қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 209
Рейтинг: 3
t
×