“Мақсадимиз – республикани тўлиқ энергия билан таъминлаш”. Нарзулло Обломуродов сайловолди дастурини эълон қилди
Жамият
−
27 Август 2021
3803Экологик партиянинг Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида энергия тақчиллигига барҳам бериш, бунинг учун эса қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш кераклигини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партиясининг III Съездида президентликка номзод Нарзулло Обломуродов маълум қилди.
Обломуродов йиғилганларни партиянинг сайловолди дастури билан таништирар экан, мамлакат саноатида энергия сарфи юқори эканини, уларнинг талабини тўлақонли қондириш учун “яшил тариф”ларни жорий этиш лозимлигини таъкидлади.
“Биз энергия самарадорлиги масаласида ҳали жуда кўп ишлашимиз керак. Кўп тармоқларимизда энергия сарфи жудаям юқори. Бизга эски технологиялар, эскича ёндашув жудаям панд беряпти. Бизнинг “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ масалаларимиз энергия тежамкорлигига эришишимизни талаб қилади. “Яшил тариф”ларни жорий этиш ва янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларининг улушини мамлакат умумий энергия балансида 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз”, дейди номзод.
Обломуродов нутқи давомида энергетика соҳасидаги муаммолар халқнинг эътирозига сабаб бўлаётгани, партиянинг мақсади ҳеч қандай узилишларсиз энергия таъминотига эришиш эканини ҳам маълум қилди.
“Энергетика соҳасидаги муаммолар халқимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Aйниқса, куз-қиш мувсумида ҳудудларда жуда катта муаммолар юзага келяпти. Бу бугунги кунда халқимиз талаб қилаётган энг керакли ва ҳал қилиниши зарур бўлган масаладир. Бизнинг партия республикамизни тўлиқ энергия билан таъминлашни мақсад қилган. Шунингдек, ҳеч қандай узилишсиз кафолатланган энергия таъминоти тарафдоримиз. Aйнан қайта тикланувчи муқобил энергияни қўллаб-қувватлаш, унинг ривожланиши учун кенг имконият очиб бериш мамлакатимизда энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Шунингдек, экологик хавфсиз технологиялар ёрдамида халқимизни, мамлакатимизни ва иқтисодиёт тармоқларини энергияга бўлган талабини қондириш имкониятига эга бўламиз”, дейди Нарзулло Обломуродов.
Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида асосий эътибор бир қатор экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг экологик маданиятини ривожлантириш каби масалаларга қаратилган:
• “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;
• аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чораларини кўриш;
• чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган давлат сиёсатини кучайтириш;
• иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш;
• атмосферага ташланмаларни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
• жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;
• глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор, Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экологик партиясининг III Съезди бўлиб ўтгани ва унда Нарзулло Обломуродов партиянинг Президент сайловидаги номзоди этиб расман тасдиқлангани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси