“Ўзйўлинспекция” масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди – ДХХ

3-саҳифа 7289
image

“Ўзйўлинспекция”нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Гап шундаки, “Ўзйўлинспекция”нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси томонидан 2021 йилнинг февраль ойида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги 4H-1071 “Хонобод-Туркобод” автомобиль йўлининг 0-7 км қисмида ётқизилган асфальтбетон қатламларининг қалинлиги текширилган ҳамда лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса қилинган.

Бироқ, жорий йилда мутасадди идоралар томонидан мазкур йўлдаги асфальтбетон қатламининг қалинлиги қайта ўрганилиб, назорат ўлчови ўтказиш давомида объектнинг асфальтбетон қопламасидан олинган 73 та намуналарнинг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги, қоплама қалинлиги кам экани аниқланган.

Бош пудратчи томонидан йўл қопламасининг қатламлар қалинлиги меъёрдан кам ётқизилгани оқибатида жами 86 728 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳажми қўшиб ёзилгани маълум бўлган ва текшириш давомида ушбу қўшиб ёзилган иш ҳажмлари тўлиқ бартараф этилган.

“Ўзйўлинспекция”нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ётқизилган асфальтбетон қатламининг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлмаса-да, 2021 йилда ижобий хулоса бериб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишган.

Мазкур ҳолатда “Ўзйўлинспекция”нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ва бошқаларнинг ҳаракатларида ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 205 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 185
Рейтинг: 3.1
t
×