Ўзбекистоннинг Европа билан муносабатлари қай аҳволда?
Жамият
−
25 Октябрь 2020
7404Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ҳаракатларини қўллаб қувватламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон пандемия шароитидаги чекланган мулоқотлар давомида Европа мамлакатлари, шунингдек, бошқа анъанавий шериклар билан муносабатларда ижобий динамикани сақлаб қолишга муваффақ бўлган
“Эпидемиологик инқироз Европа Иттифоқи билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш мақсадида юқори даражадаги мулоқотни изчил фаоллаштиришга тўсқинлик қилолмади. Ўтган йили Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим тузиш бўйича бошланган музокаралар давом эттирилмоқда. Бугун уларнинг 7-турига тайёргарлик кўрилмоқда”, дейди Ўзбекистон ташқи идорасида раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Европа Иттифоқининг “GSP +” - “Преференциялар бош тизими”нинг манфаатдор давлати мақомини олиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.
Вазирга кўра, расмий Тошкентнинг европадаги шериклари пандемия даврида 30 миллион евродан ортиқ ёрдам маблағларини ажратган.
“COVID-19 нинг жаҳон, шу жумладан, Европа иқтисодиётига салбий таъсири шароитида Европадаги шерикларимиз пандемия оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонга 30 миллион евродан ортиқ маблағ ажратди. Норвегия, Финляндия ва Европа Иттифоқи Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондига молиявий ёрдам кўрсатди”, дейди вазир.