Ўзбекистоннинг янги Бош прокурори ҳақида нималар биламиз?
Бу қизиқ
−
20 Июнь 2019
67390Хабарингиз бор, 2018 йил 31 январдан бугунгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида фаолият юритиб келаётган Отабек Муродов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси бўлиб ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев тайинланди.
Ҳўш, Ниғматилла Йўлдошев ким, у ҳақда нималар маълум? Оммавий ахборот воситаларида Йўлдошевга нисбатан илиқ фикрлар шаклланган. У Сенат раиси сифатидаги фаолиятини 2015 йил 22 январда бошлаган. Унинг раислиги вақтида Сенат фаолиятини ёритишда ОАВнинг ўрни ўсди.
Ниғматилла Йўлдошев долзарб масалаларни кўтариш ва уларга танқидий фикр билдиришда кўплаб раҳбарларга намуна бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбек тилининг мамлакатдаги аҳволи, коррупциянинг кўлами борасида билдирган фикрлари шулар жумласидан.
Шу ўринда Ниғматилла Йўлдошевнинг бугунгача босиб ўтган йўлига назар ташласак.
Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев 1962 йил 5 ноябрь куни Тошкентда туғилган.
Тошкент давлат университетининг юриспруденция факультетини тамомлаган.
1987-1991 йилларда – Олмалиқ прокуратураси катта терговчиси;
1991-1993 йилларда – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани терговичиси;
1993-1994 йилларда – Тошкент шаҳар прокуратураси катта терговчиси;
1994-1999 йилларда – Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғи;
1999-2000 йилларда – Бош прокуратура Тергов бош бошқармаси бошлиғи;
2000-2003 йилларда – Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи;
2003-2006 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг прокуратура идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори;
2006-2008 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;
2008-2011 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари;
2011-2015 йилларда – Ўзбекистон Республикаси адлия вазири;
2015 йил 22 январдан 2019 йил 20 июнгача Сенат аъзоси, Сенат раиси;
Маълумот учун, 2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Конституцияга кўра, Олий Мажлис палаталарининг қарори билан Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. 8 сентябрь куни Президент ваколатларини бажариш масъулиятини вақтинчалик Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширишини эълон қилди.
2019 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Бош прокурор этиб тайинланди.
LiveБарчаси