Ўзбекистоннинг ягона электр етказиб берувчиси борган сари қарз ботқоғига ботмоқда

Таҳлил

image

Ўзбекистонда электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини амалга оширувчи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2022 йил 1 чорак якунларини 1,5 триллион сўм зарар билан якунлаган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси маълум қилди. 

Бизгача етиб келган ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг январь-март  ойларида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ишлаб чиқарувчилардан жами 18,6 млрд кВт соат электр энергияси ўртача ҚҚС билан бирга 378,2 сўмдан харид қилиб, ҳудудий электр тармоқ корхоналарига ўртача 320,9 сўмдан сотган (ҳар бир кВт соатдан 57,3 сўмдан зарар кўрган).

Жамият молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳозирда амалдаги сотиб олиш ва сотиш тарифлари сақланган ҳолда, яъни қиммат нархларда электр энергиясини сотиб олиб, арзон нархларда сотиши натижасида 2022 йилда жамиятнинг молиявий хўжалик фаолияти 5,3 трлн сўм миқдорида зарар билан якунланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, жамият шу йилда ўз маблағлари ҳисобидан 492,5 млрд сўм миқдорида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириши ва халқаро молия институтлари, республика тижорат банкларидан жалб қилинган кредитлар бўйича 362,6 млрд сўм миқдоридаги тўловларни амалга ошириши белгиланган. Дард устига чипқон деб шуни айтишса керак.

QALAMPIR.UZ билан мулоқотда бўлган мутахассисларнинг қайд этишича, ишлаб чиқарувчилардан қимматга олиб, арзонга сотиш ҳолатларининг давомийлиги келгусида Жамият харажатларининг тўлиқ молиялаштирилмаслигига, ходимларга иш ҳақи ва тўловлар ўз вақтида берилмаслигига, Давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликлар ҳосил бўлишига олиб келиши ҳамда энг асосийси истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш жараёнлари ва хизматлар сифатига путур етишига олиб келиши мумкин.

Бунинг асосий сабаби, Акциядорлик жамияти Республикада электр энергиясини ягона харид қилувчи ва сотувчи ҳисобланади.

Жамиятнинг молиявий фаолияти – электр энергияни ишлаб чиқарувчилардан харид қилиб олиш ва ҳудудий электр тармоқларига сотиш ҳисобига шаклланади.

Тарифлар Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгилаб берилган бўлиб, электр энергиясини харид қилиш ва сотиш тарифлари асосида амалга оширилади.

QALAMPIR.UZ’да мавжуд маълумотларга кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2021 йилда ҳам ўз фаолиятини қарийб 2,1 трлн сўм, “Ўзтрансгаз” АЖ эса 2,5 трлн сўм зарар билан якунлаган. Бунга асосий сабаб, электр энергияси ва табиий газни якуний истеъмолчиларга сотишнинг амалдаги тарифлари соҳанинг жами харажатлари ва инвестицион лойиҳалар доирасида жалб қилинган кредитлар бўйича мажбуриятларини қоплашга етарли эмаслиги билан изоҳланади. Хусусан, Жаҳон банки консультантлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаларига кўра, амалдаги электр энергияси тарифлари жами харажатларнинг 66 фоизини қопласа, табиий газ тарифлари эса бор йўғи 46 фоизини қоплайди.

Муаммо шундаки, Ўзбекистонда электр энергетика соҳаси корхоналари маҳсулот ва хизматларни давлат томонидан тартибга солинган нархларда сотиши оқибатида тармоқларни модернизация қилиш учун капитал харажатларни амалга ошириш имкониятлари чекланиб қолмоқда. Бу ҳақида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев журналистлар билан учрашувда шундай деган эди:

“Инвестор бирор лойиҳани амалга ошириш учун маълум бир маблағ сарфлашга тайёр. Лекин, у сарфлаган инвестициясини кафолатланган тарзда қайтариб олишига, кўзда тутган маълум меъёрдаги фойдани олишига ким кафолат беради? Биз ҳар қандай битмаларни имзолашда давлат кафолат беради, десак ҳам инвестор биринчи навбатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг бозорда сотилишига қарайди. Ҳар қандай кафолат иқтисодий жиҳатдан давлатга оғир юк бўладиган бўлса, вақти соати келиб бу кафолатдан воз кечиш ёки шартларни қайта кўриб чиқиш эҳтимоли бор.

Шу сабабли ҳам биз, инвестор ўзини кўзи билан сафланган маблағ қайтиб келишини кўриши учун муҳит яратишимиз керак”.

Маълумот учун, сўнгги бор ёқилғи-энергетика ресурсларига янги нархлар ва тарифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган 633-сон қарорига кўра, 2019 йил 15 августдан бошлаб белгиланган эди ва қарийб 3 йил давомида қайта кўриб чиқилмади.

2017 йил сентябрь ойида аҳоли учун электр энергияси тарифи 2,5 центни ташкил қилган бўлса, 2018 йил апрель ойида – 2,8 цент, 2018 йил ноябрда – 3,0 цент, 2019 йил август ойида – 3,3 цент эди. Бугунги кунда эса 2,6 центни ташкил қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

580

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг