Ўзбекистоннинг тўртта аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

Жамият

image

Навоий, Қарши, Нукус ва Термиз аэропортларида Солиқ қўмитаси томонидан жорий этилган Tax Free хизмати ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" хабар берди.

Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбек тўлови амалга ошириладиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарорида белгиланган. Булар қаторига сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар киради.

ҚҚС тўловини қайтариш учун "Солиқ" мобиль иловасида рўйхатдан ўтиш ва амалга оширилган харидлар чекини сканердан ўтказиш керак. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши керак, сўнгра бортга чиқиш талонини ва товарларнинг ўзини кўрсатган ҳолда у Tax Free хизматига мурожаат қилиши лозим. Tax Free тизимида рўйхатдан ўтган товарларни қўл юки сифатида қолдириш ёки уни рейсга рўйхатдан ўтиш пештахтасига қайтариб, багаж сифатида олиб ўтиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун товарларнинг умумий харид суммаси камида 1 миллион сўм бўлиши керак. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаслиги ёки ишлатилмаслиги лозим. Солиқ қўмитаси ходимлари маҳсулотнинг барча мезонларга жавоб беришини текширгандан сўнг, кешбек расмийлаштиради. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача қайтариши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва тўловни қайтариш рўйхатга олинган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин амалга оширилади.

Бугунги кунда Tax Free тизими Ўзбекистоннинг 9 та халқаро аэропортларида: Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч, Навоий, Қарши, Нукус ва Термизда жорий этилган.

Президент қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлиқ қайтариб бериш тизимини хорижий туристларга - Ўзбекистон халқаро аэропортларида Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган ва Tax Free тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун кенгайтириш белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

аэропорт Tax Free

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг