Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори маълум қилинди

Жамият 41817
-

Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи жорий йилнинг бошига нисбатан 1 фоизга ёки 310,6 млн долларга ошган ҳолда, 2021 йил 1 апрель ҳолатига 34,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ҳамда ташқи қарзи бўйича маълумотларда келтирилган.

Қайд этилишича, умумий ташқи қарз резидентларнинг норезидентлар олдидаги асосий қарз ва фоизларни тўлаш талаб қилинадиган мажбуриятларини акс эттиради. Умумий ташқи қарз давлат қарзи ва давлат томонидан кафолатланган қарз (кейинги ўринда – давлат ташқи қарзи) ҳамда давлат томонидан кафолатланмаган (кейинги ўринда - хусусий ташқи қарз) қарзлардан иборат.

Умумий ташқи қарз ўсувчан тенденцияга эга бўлиб, ундаги ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатдики, давлат ташқи қарзи ўсиши COVID-19 пандемияси оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланса, хусусий секторда эса асосан тижорат банклари ҳисобига кузатилмоқда. Ҳисобот даврида ташқи қарз қолдиғининг деярли ўзгаришсиз қолиши янги қарзларни жалб қилиш ва мавжуд қарзларни сўндириш даражаси мутаносиб бўлганлиги билан изоҳланади.

Хусусан, давлат ташқи қарзи 21,2 млрд долларни ташкил қилган бўлса, хусусий сектор қарздорлиги 12,9 млрд долларга етган. Ушбу даврда Ўзбекистон 200 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 67 млн доллар миқдордаги фоиз тўловларини тўлаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1315
Рейтинг: 3
t
×