Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 27 млрд доллардан ошди
Жамият
−
23 Сентябрь 2020
5578Ўзбекистон Республикаси ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил бошидан 12,7 фоизга ёки 3,1 млрд. долларга ошган ҳолда, 2020 йил 1 июль ҳолатига 27,6 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Умумий ташқи қарз резидентларнинг норезидентлар олдидаги асосий қарз ва фоизларни тўлаш талаб қилинадиган мажбуриятларини акс эттиради. Умумий ташқи қарз давлат ва хусусий сектор қарзларидан иборат. Умумий ташқи қарздаги ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2013-2017 йиллар давомида ҳар иккала секторда ҳам қарздорликнинг ўсиши кузатилган.
Бироқ, 2018 йилда хусусий сектор ташқи қарзи камайиши кузатилди, бу эса ўз навбатида нефт-газ ва энергетика сектори корхоналари томонидан жалб қилинган қарздорлик муддатининг тугаши билан изоҳланади. 2019 йилдан бошлаб хусусий сектор ташқи қарзи асосан тижорат банклари томонидан қарз олишнинг кўпайиши ҳисобига яна ўсишни бошлади.
Регуляторнинг таъкидлашича, 2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи ўсиш тенденсиясини сақлаб қолди. Ушбу жараён COVID-19 вирусининг тарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин.
2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат сектори қарздорлигининг ўсиши 1,7 млрд. долларни ташкил қилди. Глобал пандемия ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг суверен облигациялари қиймати фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши натижасида 2020 йилнинг бошига нисбатан камайди.
Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 млрд. долларга ошди.
2020 йилнинг I ярим йиллигида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,1 млрд. доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 1,8 млрд. доллар, текстиль ва тўқимачилик сектори корхоналари – 71 млн. доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 154 млн. доллар томонидан амалга оширилди.
Шунингдек, ўрганилаётган давр мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 261млн. доллар миқдордаги асосий қарз ва 168 млн. доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.
Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 719 млн. доллар ва фоиз тўловлари бўйича 195 млн. долларни ташкил қилди. Бунда, асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини ҳанузгача нефт-газ ва энергетика сектори корхоналари ҳамда банклар амалга оширмоқда.