Ўзбекистоннинг собиқ сув хўжалиги вазири вафот этди
Жамият
−
20 Апрель 10127 2 дақиқа
Кеча, 19 апрель куни давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Рим Абдулович Гиниятуллин 83 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, Рим Гиниятуллин 1943 йил 18 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. 1963 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини (ҳозирги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети) муҳандис-гидротехник йўналиши бўйича тугатган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон қурилиш вазирлигида оддий ишчи сифатида бошлаб, кейинчалик ушбу вазирликда уста, бош муҳандис вазифаларида хизмат қилган. У Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигида бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош бошқарма бошлиғи, сув хўжалиги вазири ўринбосари, Давлат режа қўмитаси раисининг ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаб, катта билим ва тажриба орттирган.
У 1989–1996 йилларда мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари каби масъул лавозимларда меҳнат қилиб, мамлакатда сув ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган.
Гиниятуллин Оролни қутқариш Халқаро жамғармасида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб, денгизнинг қуриши билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатган.
“Умрининг сўнгги йилларида у Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида, хусусан, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этди”, дейилади таъзия мактубида.
У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.
“Эл-юртимиз ўртасида обрў-эътибор топган тажрибали раҳбар, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Рим Абдулович Гиниятуллиннинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардлик хатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Вячеслав Аркадьевич Голишев 75 ёшида вафот этганди.
Live
БарчасиАмерика самолётлари аллақачон Покистонда
20 Апрель
Олмазор туманидаги уйлардан бири ёнмоқда
20 Апрель
Чимёнда қор кўчкиси кузатилди
20 Апрель